Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:19

Ўзбекистондаги рус ҳарбий базаси: ҳақиқат ва тахминлар


Россия яқин келажакда Ўзбекистонда ўз ҳарбий базасинини очишини кўпгина сиёсатчилар башорат қилиб келади. Бироқ Ўзбекистонга сафарини якунлаган Россия бош вазири Михаил Фрадков Тошкентда бу масала муҳокама қилинмаганини билдирди.

Россиянинг ИТАР-ТАСС ва “Новости” агентликлари М.Фрадков: “Мен бундай музокараларни олиб бормадим, боз устига, қандайдир муайян доиралардаги масалаларни муҳокама қилмадим. Биз музокара қилаётган томонларнинг ваколатида бўлган ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик, холос”, - дегани ҳақида хабар тарқатди.

Ўзбекистонда Россия ҳарбий базасининг пайдо бўлиши истиқболлари ҳақидаги тахминлар дастлаб Андижон воқеаларидан кейин АҚШ ҳарбийлари Хонободдан ҳайдалганидан сўнг илгари сурила бошлаганди.

Ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайтишини эълон қилгандан бери эса рус қўшинларининг ўзбек ерига қайтиши вақт масаласи, деган таъкидлар пайдо бўлди.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр Ўзбекистонда ўз ҳарбий базасига эга бўлишнинг Москва учун амалийдан сиёсий аҳамияти кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтади.

“Умуман Россия базасининг ташкил қилиниши реалдир. Россиянинг Қирғизистонда ҳам ҳарбий аҳамияти катта бўлмаган базаси бор. Ўзбекистонда ҳам бундай базанинг пайдо бўлиши Кремлнинг бугунги империячилик сиёсати нуқтаи назаридан Россиянинг собиқ иттифоқ ҳудудларида яна ўз мавқеини тиклаётганини намойиш қилиши мумкин. Унинг ҳарбий аҳамияти унчалик юксак бўлмаслиги ҳам мумкин, лекин бундай базанинг пайдо бўлиши эҳтимоллари бор, албатта”, - деди таҳлилчи.

“Фрадковнинг Тошкентда бу масалани муҳокама қилмаганини айтгани эса ҳарбий масалалар унинг ваколатига кирмаслиги билан боғлиқ, - дея сўзларини давом эттирди П.Фельгенгауэр. - Бош вазирнинг ҳарбий соҳанинг иқтисодий жиҳатларигагина қандайдир алоқалари бўлиши мумкиндир. Ҳарбий-стратегик масалаларда қарор чиқариш эса президентнинг ваколатида. Албатта, куч ишлатар идораларнинг ҳам бунга алоқаси бўлиши мумкин, лекин уларнинг ваколати ҳам чекланган бўлади”.

Россиялик сиёсатшунос Аркадий Дубнов эса Ўзбекистон-Россия муносабатларнинг бугунги аҳволидан келиб чиқиб, рус ҳарбий базасининг ўзбек ерида пайдо бўлишига ишониш қийинлигини таъкидлади.

“Россия ҳарбий базасини Ўзбекистонда жойлаштириш ҳақидаги гапларга асос йўқ. Ўзбекистоннинг КХШТга қўшилгани бунга асос бўлиши мумкин десангиз, Тошкент ҳозирча бу ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айлангани йўқ, деб жавоб беришим мумкин. Чунки Ўзбекистон раҳбарияти ўзининг бу ташкилотдаги аъзолигини тўлалигича расмийлаштиргани, яъни барча ҳужжатларни имзолагани йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон КХШТнинг тўлақонли аъзоси бўлди, дейишга ҳам асослар йўқ”, - дейди А.Дубнов.

С.Дубнов Ўзбекистон-Россия муносабатларининг бошқа йўналишдаги бугунги ривожини “чала ҳомиладор аёл”нинг аҳволига солиштириш мумкинлигини таъкидлади.

“Тошкент бугун ғалати аҳволга тушиб қолган. Ўзбекистон ҳукумати, аниқроғи, Ислом Каримовнинг шахсан ўзи нафақат КХШТ, балки Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида ҳам ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга шошилмай турибди. Шунинг учун Тошкент Москва билан ҳарбий-иқтисодий яқинликдан жазавага тушиб мазза қиляпти, дейиш ҳам қийин. Ўзбекистон Андижон воқеаларидан кейин Ғарбдан узоқлашган бўлса-да, менимча, Ислом Каримов йўқотилган яқинликни қайтаришга ҳали ҳам умид қилиб юрибди. Буни Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан юмшатаётгани, Тошкентнинг ҳам бунга интилаётгани мисолида кўриш мумкин. ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилмагунча, Тошкент Москва билан муносабатларда маълум масофани сақлаб тураётганини намойиш этишда давом этади. Ислом Каримовнинг сиёсат юргизишда шахсий муносабатлар ва кайфиятдан келиб чиқадиган сиёсатчи эканини инобатга олсак, Тошкент ҳеч қачон тўлалигича Москванинг яқин иттифоқчиси бўлмайди, бунга кўплаб тарихий ва шахсий сабаблар бор”, - деди Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG