Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:16

Пентагон Ироққа қўшимча ҳарбий полициячилар киритади


АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари янги қўмондони генерал Дэвид Петреус исёнчилар ўз ҳужумларини кучайтириш билан Бағдодда хавфсизликни издан чиқаришга ҳаракат қилаётганини билдирди.

АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари устидан қўмондонликни февраль ойида қабул қилиб олган генералнинг сўзларига кўра, Бағдод хавфсизлигини таъминлаш АҚШ ва Ироқ кучлари учун ойларга чўзиладиган юмушдир, олдинда яна шов-шувга сабаб бўладиган ҳужумлар амалга оширилиши мумкин.

“Афсуски, бир қанча террорчилик ташкилотлари ўзининг ваҳшиёна акцияларини тўхтатмаяпти. Тахминимизча, яқин ҳафталар ичида улар мазҳаблараро ва миллатлараро низоларни авж олдириш ҳамда ҳали тўла кучга кирмаган режаларимизни бузиш мақсадида ҳужумларини кучайтириши мумкин”, - деди Д.Петреус.

Бироқ, генералнинг айтишича, келажакка некбинлик билан қарашга асос бўлувчи баъзи аломатлар ҳам кейинги пайтларда пайдо бўла бошлади. Сўнгги бир неча ҳафта давомида мазҳаблараро низолар давомида рўй бераётган қотилликлар сони озайди.

7 март куни Пентагон Бағдодга қўшимча 2200 ҳарбий полициячини жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундай қилиб, Ироқ пойтахтида жойлаштирилган АҚШ ҳарбий хизматчиларининг умумий сони 26 мингдан ортадиган бўлди.

Ҳарбий полициянинг Бағдодга жалб қилинаётган қўшимча кучларидан хавфсизликни таъминлаш режасини амалга ошириш жараёнида фойдаланилади.

“Ироқликлар ва коалиция қўшинлари ўз кучларини Бағдоддаги операцияларни қўллаб-қувватлаш ишига сафарбар қилмоқда. Ироқнинг тўққиз батальонидан охиргиси ва АҚШнинг беш бригадасидан иккинчиси Бағдодга киритилди. Кучларни йиғиш баҳор ичи давом этади ва АҚШ ҳамда Ироқ қўшинларини бу ерда июнгача тўплаб бўламиз. Шунинг учун июнь ойигача хавфсизлик тўлиқ таъминлаш мушкул”, - деди Д.Петреус.

Шунингдек, унинг айтишича, хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланувчи ноҳарбий тузилмалар сонини 10 тадан 20 тагача кўпайтириш учун ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Бу тузилмалар ўз эътиборини Бағдод ва Анбар вилоятига қаратади.

Д.Петреус шиалар учун муқаддас Карбало шаҳрига йиғилаётган зиёратчиларга қарши куни-кеча амалга оширилган ҳужумларни ҳам қоралади.

Бу ерда сўнгги уч кун мобайнида 150дан ортиқ зиёратчи ўлдирилди.
XS
SM
MD
LG