Линклар

“Газпром” Ўзбекистон ишончини оқламаяпти

  • Ҳасанжон

Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг “Газпром” компаниясининг геология-разведка лойиҳалари бўйича мамлакатда амалга ошираётган ишларидан қониқиш ҳосил қилмаганини билдирди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия бош вазири Михаил Фрадков бошчилигидаги делегация таркибида бўлган иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири ўринбосари Андрей Шаронов шу ҳақда маълум қилди.

Электрон ахборот воситаларида тарқатилган хабарга кўра, Ўзбекистон ҳукумати геология-разведка лойиҳалари бўйича “Газпром” қатнашаётган учта лойиҳанинг иккитаси суст амалга оширилаётганидан қониқиш ҳосил қилмаган.

Лойиҳалардан бирида “Газпром” ширкати геология-разведка ишлари учун 300 миллион доллар маблағ сарфлаши назарда тутилган. Аммо “Газпром” мўлжалланган ишлар учун ҳозирга қадар атиги 30 миллион доллар сармоя киритган. А.Шаронов геология-разведка ишлари олиб бориш учун лицензия “Газпром”га ўтган йил декабрь ойида берилганига қарамай, ширкат ўзи учун ажратилган 38 минг квадрат километрдан кўпроқ майдонда январь ойидан бошлаб жадал ҳаракат қилишга киришганини билдирди.

“Газпром” фаолиятидан норозилик билдирган Ўзбекистон ҳукумати “Лукойл” ширкатининг мамлакатдаги ишидан қониқиш ҳосил қилган.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Дмитрий Поваров Ўзбекистоннинг Россия ширкатига иддаоси ўринли бўлиши мумкинлигини айтади.

“Ўзбекистон томони декабрь ойида лицензия олгунича “Газпром”га барча имкониятни яратди. Ўтган йил баҳорда “Газпром” вакиллари лицензия берилгунича Ўзбекистон томони ширкатга геология-разведка ишларини бошлашга рухсат берганини маълум қилган эди”, – дейди Д.Поваров.

Д.Поваров Ўзбекистон томони эътирозидан сўнг “Газпром”нинг жорий йилда янги энергия манбаларини топиш бўйича амалга ошираётган геология-разведка ишлари суръати тезлашишига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.

“Агар 300 миллион доллар сармоя уч йилга тақсимланса, Ўзбекистон томони йилига 100 миллион доллардан маблағ сарфлаш ҳақида ўзаро келишган ҳам бўлиши мумкин. Шунга қарамай, мен жорий йилда геология-разведка ишлари суръати тезлаштирилишига шубҳа қилмайман”, - деди Д.Поваров.

7 март куни Тошкентга ташрифини якунлаган Россия бош вазири Михаил Фрадков Ўзбекистон Россия учун минтақадаги ишончли ҳамкор бўлиб қолишини айтди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан Оқсаройда ўтказилган музокарадан кейин уюштирилган матбуот анжуманида М.Фрадков Россия-Ўзбекистон муносабатларини янада кенгайтириш ва ривожлантириш имкониятлари мавжудлигини билдирди.

“Шуни таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори бўлиб қолмоқда. Биз ўзаро муносабатларни сақлаб қолишимиз керак. Шунингдек, алоқаларимиз самарасини ошириш ва кенгайтириш учун реал имкониятлар мавжуд”, - деди М.Фрадков.
XS
SM
MD
LG