Линклар

logo-print

Мана сизга олам-олам гул... Фрадков Ўзбекистондан пул сўради

  • Замира Шукур

http://gdb.rferl.org/A943EB08-2E85-4791-A121-347502F041AD_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/A943EB08-2E85-4791-A121-347502F041AD_mw800_mh600.jpg Россия бош вазири Михаил Фрадков яқинда Тошкентга қилган сафари чоғида Ўзбекистон расмийларига Москвадан қарздор эканини ва бу қарзларни тўлаб қўйиш фурсати келганини эслатиб қўйди.

“Росбизнесконсалтинг” агентлигининг ëзишича, Россия ва Ўзбекистон бош вазирлари учрашувида Ўзбекистоннинг Россияга қарзи масаласида ўзаро музокара бошлашга келишиб олинган. Бу ҳақда мухбирларга маълум қилган Россия молия вазири ўринбосари Сергей Сторчак Москва қарзлар муаммоси унут бўлди, деган хаëлда юрган Ўзбекистон қарзидан воз кечмаслигини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, 90-йиллар ўрталарида Россия Марказий банки Ўзбекистон Марказий банки билан Россия товарларига тўлов учун рублда кредит ажратиш ҳақидаги келишувни имзолаган. 1998 йилдан бери Ўзбекистон томони бу келишув бандларига амал қилмай қўйгани сабабли кредит Ўзбекистон давлати қарзи сифатида расмийлаштилган.

Россия томони ҳисоб-китобига кўра, бу қарз 700 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бунинг устига, Тошкент қарз ўз вақтида қайтарилмагани учун жарима ва пеня тўлаши лозим. Аммо ўз иттифоқчисининг қарзни тўлаб қўйиш ҳақидаги талаби, “Ўзметроном” сайтининг ëзишича, Тошкент раҳбариятига ëқмаган. Айтилишича, қарзлар масаласида Тошкент фикри ва ҳисоб-китоби Москваникидан анча фарқ қилади.

Хўш, Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистоннинг қил ўтмас иттифоқчисига айланган Россия ҳукумати нега бугун Ислом Каримовдан қарзларини тўлаб қўйишни сўраб қолди?

Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров фикрича, Москва ва Тошкент ўртасидаги айнан шу иттифоқчилик алоқалари бундай нозик масалани кўтаришга имкон яратган.

“Москва-Тошкент алоқалари кўп ҳам дўстона бўлмаган 90-йиллар ўрталари ëхуд охирларида қарз каби кескин масалани кўтариш ақлга сиғмас эди. Бугунга келиб иттифоқчилик шаклига ўтган шериклик муносабатлари бу мавзуни музокаралар столига қайта қўйиш учун пишиб етилди”, - дейди Д.Поваров.

“Росбизнесконсалтинг” агентлиги шарҳловчиси Александр Яковлев бугунга келиб Кремль постсовет ҳудудларида ўз империясини қайта тиклаш уринишлари муваффақиятсизликка учраганини тан олишга мажбур бўлиб қолганини таъкидлади.

“Афтидан, шу муносабат билан Россия ўз қўшниларига нисбатан кескин ëндашув қўллаш, улар билан “ҳисобли дўст айрилмас” қабилида шаффоф бозор муносабатлари ўрнатишга қарор қилган кўринади. Бунинг учун Россия, Лукашенко ибораси билан айтганда, собиқ иттифоқдошларининг чўнтакларини қоқиб қўйиш, улардан қарзларидан қутулиб олишни сўрай бошлади. Буларнинг бари, назаримда, собиқ иттифоқдошлар билан ишончли шериклик муносабатлари ўрнатишни мақсад қилган янги концепция доирасида амалга ошмоқда”, - дейди А.Яковлев.

Аммо эски қарзлардан қутулиб олиш жараëни Москва ўйлагандек осон кўчмайдиган кўринади.

“Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги кредит олди-бердиси аниқ қайд этилмаган. 90-йиллар бошида кредит ажратишнинг ҳуқуқий томони шунчалик ўлда-жўлда бўлганки, бугун уни турлича талқин қилишга асослар бор. Шу боис, ўзаро қарзлар миқдори борасида Москва бир гапни айтмоқда, ҳали аниқ рақам айтилмаган бўлса-да, Тошкентда бу борада бошқача ҳисоб-китоб бор”, - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Д.Поваров.

Тошкентнинг 700 миллион доллар қарзи Россия иқтисоди учун жуда катта маблағ эмас. Ўзбекистонни ўз сиëсий иттифоқчиси сифатида сақлаб қолишдан манфаатдор Россия муносабатларни мураккаблаштирмай, бу қарздан воз кечиб қўя қолса бўлмайдими? “Росбизнесконсалтинг” шарҳловчиси А.Яковлев бу саволга “йўқ”, деб жавоб берар экан, сиëсий муносабатларнинг кучли бўлиши учун айнан иқтисодий алоқалар шаффоф бўлмоғи лозимлигини таъкидлади.

“Агар ўзаро иқтисодий муносабатлар шаффоф бўлмаса, узоқ вақт давомида ҳал қилинмай қолаëтган муаммолар уларга соя солса, унда сиëсий алоқалар эртами-кечми боши берк кўчага киради. Буни биз Украина, Беларус ва Молдова мисолида кўрдик. Шу боис, Россиянинг ҳозир оғриқли бўлиб кўринаëтган қарзлар масаласини бир ëқлик қилиб, сўнг нормал иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш қарорини сиëсий жиҳатдан ақлли, дейиш мумкин”, - дейди А.Яковлев.
XS
SM
MD
LG