Линклар

Бағдод анжумани Ироқдаги барқарорликка йўл очадими?

  • Ҳасанжон

10 март куни Бағдодда Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш масаласига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди. Айни пайтда анжуман ижобий натижа билан тугагани маълум қилинмоқда.

Бағдоддаги “яшил зона”да уюштирилган бир кунлик анжуманда 16 делегация, жумладан, араб давлатлари, Эрон, Туркия ва БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган беш давлат вакиллари қатнашди.

“Биз бу анжуман яқин келажакда Ироқда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро кескинликни юмшатиш борасида юқори даражада музокаралар бошланишини қўллаб-қувватловчи дастлабки қадам бўлишига умид қиламиз”, – деди Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий тадбирни очар экан.

Йиғилишда сўзга чиққан Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий миллий ярашув Ироқни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Биз анжуман иштирокчиларини ва улар орқали халқаро ҳамжамиятни Ироқнинг тарихий ва ўзига хос ижтимоий шароитини ҳурмат қилишга чақирамиз. Биз баъзи давлатлар, минтақалар ва гуруҳларни айрим мазҳаблар, жамоалар ёки партиялар орқали Ироқ ички ишларига таъсир кўрсатишга уринмасликка даъват этамиз”, – деди бош вазир.

Шундан сўнг делегациялар ёпиқ эшиклар ортида мажлис ўтказди.

“Озод Ироқ” радиосининг Бағдоддаги бюроси бошлиғи Набил ал-Ҳайдарий учрашув элчилар даражасида уюштирилганини билдирди.

“Учрашувда қатнашаётган делегацияларнинг аксари элчилар даражасида. Уларнинг кўпи Бағдодда фаолият юритаётган чет давлатлар элчиларидир. Анжуманда қатнашиш учун хориждан кам одам келган”, - деди мухбир.

Манфаатлари Ироқда тўқнашаётган АҚШ, Эрон ва Сурия делегациялари учрашув қатнашчилари диққат марказида бўлди.

АҚШ президенти Жорж Буш анжуман бошланишидан бир кун олдин Бразилияга сафари чоғида Эрон ва Сурияга қарата: “Биз сиздан бу ёш демократик давлатга (Ироққа) ёрдам беришингизни кутяпмиз. Биз ва Ироқ халқига зарар етказиш мақсадида мамлакатга яширинча олиб кирилаётган қуроллардан ҳимоялана оламиз. Биз ўзимизни ва Ироқ халқини сиёсий мақсадига эришиш учун бегуноҳ одамларни ўлдираётганлардан ҳимоя қила оламиз”, – дея баёнот берди.

Бағдоддаги тадбирда АҚШнинг Ироқдаги элчиси Залмай Халилзод ҳам сўзга чиқиб, Ироқнинг қўшнилари ва бошқа давлатларни зўравонликлар авж олишига сабаб бўлаётган жангарилар, қуроллар ва мазҳабий ташвиқот воситаларининг Ироққа яширинча олиб кирилишини тўхтатиш учун зарурий чоралар кўришга чақирди. З.Халилзод агар Ироқ парчаларса, ундан қўшни давлатларнинг ҳаммаси зарар кўришидан огоҳлантирди.

Аксарият кузатувчилар фикрича, Бағдод анжуманида жиддий натижага эришилмайди. Аммо бу йиғилиш вазирлар даражасидаги навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўриш учун асос яратиши мумкин.

Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий анжуманда сиёсий эмас, балки фақат Ироқ хавфсизлиги ва барқарорлигига оид масалалар кўрилганини айтиб, у ижобий натижа билан тугаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG