Линклар

Покистон ҳам Ўзбекистоннинг нефть-газига ошиқ

  • Барно Анвар

Покистон ўзининг энергетика захираларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор бермоқчи.

Покистон бош вазири Шавкат Азиз яқинда “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлигига берган интервьюсида сўнгги йилларда мамлакатнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи тез суръатда ўсиб бораётгани, шу боис, ҳозирга келиб давлат сиёсатининг устивор йўналиши энергетика, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўлиб қолаётганини айтган эди.

Бу борадаги эҳтиёжларининг бир қисмини Марказий Осиё ҳисобига қондириш истагида бўлган Покистон бу ҳамкорлик эвазига минтақа давлатларига Гвадар денгиз портидан фойдаланиш имконини таклиф қилди. Марказий Осиё учун очиқ денгизга чиқишнинг энг қисқа йўли бўлган бу порт минтақа давлатларига сармоя ва экспорт учун кенг имконият очиши мумкин.

8 март куни Исломободда бўлган Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бошчилигидаги делегация билан учрашган Ш.Азиз Ўзбекистоннинг энергетик захираларга бойлиги ва икки давлатнинг нефть-газ ҳамда нефтни қайта ишлаш соҳасида қўшма корхоналар ташкил қилиш имкониятига алоҳида тўхталди.

Ш.Азиз ўз давлатининг бу борадаги режаларига амалий тус бериш мақсадида 13 март куни Ўзбекистонга келмоқда.

Бу расмий борди-келдилар ташаббуси Покистон томонидан билдирилганига эътиборни қаратган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Шарофиддин Тўлаганов Ўзбекистон бундан кўпроқ иқтисодий манфаатларни кўзлашини таъкидлади.

“Ўзбекистон ва Покистон томони икки давлат ўртасида иқтисодий алоқалар учун улкан имкониятлар борлигини мунтазам айтиб келади. Ш.Азизнинг Ўзбекистонга ташрифи ана шу имкониятлардан фойдаланиш истагидир. Яъни у ўзбекистонлик ҳамкасби билан фақат айрим иқтисодий масалаларни муҳокама этади, холос. Чунки ҳар икки давлатда бош вазир фақат иқтисод билан шуғулланади ва сиёсий масалаларга умуман аралашмайди”, - дейди Ш.Тўлаганов.

Покистон ҳукумати раҳбари икки кунлик сафари давомида айнан кимлар билан учрашиши ҳозирча маълум эмас. Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров бунинг аҳамияти ҳам йўқ, деб ҳисоблайди. Чунки қайси даражада бўлишидан қатъий назар томонлар ўртасида, айниқса, энергетик захиралар бобида жиддий иқтисодий муносабатлар ўрнатилиши эҳтимолдан жуда йироқ.

“Айнан энергетика соҳасида Покистон Ўзбекистонда жиддийроқ лойиҳа бошлаши жуда мушкул. Ҳозирча икки давлат ўртасида асосан хомашё — пахта учун хизмат қилаётган транспорт коммуникацияси бор. Покистон айни соҳага сармоя ҳам киритган. Бироқ бу жуда оз ва Ўзбекистон иқтисодининг хориж сармоясига қаратилган асосий бўғинларини Россия, Хитой ва Жанубий Корея компаниялари мустаҳкам эгаллаётган бир пайтда Покистонга жиддийроқ улуш тегиши даргумон”, - дейди Д.Поваров.

Покистон томони таклифи билан амалга оширилаётган расмий ташрифлар Ўзбекистон учун айни муддао бўлишини айтаётган кузатувчилар ҳам бор. Жумладан, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Вазиристондан бошпана топгани айтилаётган экстремист Тоҳир Йўлдош ва унинг жангариларини қўлга тушириш истаги Ўзбекистон ҳукуматини Покистон билан алоқаларни ушлаб туришга мажбур қилишини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳозир яна яккаланиб қолиш хавфидан ҳам чўчий бошлаган. Чунки кейинги вақтларда асосий ҳамкор сифатида этагидан тутгани Россия билан бир неча муҳим масалаларда, жумладан, энергетика захиралари ва эски қарзлар масаласида пайдо бўлган зиддият Каримов режимини бироз саросимага солган.

“Ўзбекистон матбуотида яна ёппасига Россияни танқид қилиш компанияси бошлангани бунга далилдир. Шу ва умуман Марказий Осиёдаги бугунги геосий жиҳатдан ўзгарувчан вазиятда Ўзбекистон раҳбарияти гўёки яккаланиб қолмаганини кўрсатиш учун Покистон каби мамлакатлар билан ҳам борди-келдини кучайтиряпти. Айни вақтда Ўзбекистон Покистон орқали Ислом дунёси мамлакатлари билан ҳам алоқаларни ўнглашга умид қилмоқда”, - деди Т.Йўлдошев.

Айрим таҳлилчиларда Ўзбекистон Ислом дунёсининг Покистон каби давлати билан муносабатни ўнглаш орқали аслида яна Ғарбга интилмоқда, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Покистоннинг қатор мусулмон давлатлари билан анъанавий дўстлик алоқаларини сақлаб келаётган АҚШ ва Европа давлатлари билан Ўзбекистон ўртасида айрим муҳим масалаларда воситачилик қилиб бериши мумкинлиги кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG