Линклар

“Ягона Россия” парламент сайловига тайёргарликни зўр бошлади

  • Барно Анвар

Россиянинг 14 вилоятида якшанба куни бўлиб ўтган маҳаллий қонунчилик органларига сайловнинг дастлабки натижалари бу сиёсий тадбирда кремлпараст партиялар қўли баланд келаётганидан дарак бермоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда кремлпараст “Ягона Россия” партияси ғолиб чиққан. Кўп овоз тўплаганлардан “Адолатли Россия” партияси ҳам гарчи ўзини мухолиф ҳисобласа-да, аслида Кремль қувватловидаги сиёсий гуруҳ экани айтилади.

“Ягона Россия” партияси етакчиси Борис Гризлов якуний натижалар эълон қилинмаганига қарамай, ҳозирданоқ ғалабага шубҳа қилмаслигини айтди.

Аксар таҳлилчилар бу сайловни шу йил декабрга белгиланган парламент сайловига кўрилган тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.

Мухолифат вакиллари эса бу сайловдан норози. Мухолифат вакиллари таъкидича, асосий қисми Кремлга бўйсунадиган Россия оммавий ахборот воситаларида сайлов олдидан рус мухолифатига умуман ўрин берилмаган.

Россия коммунистик партияси лидери Геннадий Зюганов мамлакатда бу қадар номақбул сайлов бўлмаган эди, деб ҳисобламоқда.

“Бу Давлат думаси ва Россия президентлигига сайлов олдидан ўтказилган асосий репетициядан бошқа нарса эмас. Биз параллел равишда бу сайловнинг ҳисобини олиб боряпмиз”, - деди Г.Зюганов.

Россиялик таҳлилчилар ва мухолифат вакиллари фикрича, путинпараст партияларни алқаётган Россия оммавий ахборот воситалари хизмати туфайли ҳозирги раҳбарият фойдасига ҳал бўлаётган бу сайлов мамлакат ҳаётига жиддий ўзгариш киритмайди.
XS
SM
MD
LG