Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

ЕХҲТ Умида озод этилишига умид қилмоқда


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Миклош Ҳаратци Ўзбекистон ҳукуматидан қамоқда сақланаётган мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниëзовани озод этишни талаб қилди.

“Барча журналистлар, хусусан, тартибсизлик ва можароларни тафтиш қилаëтган мухбирлар ҳам нашр этиш мақсадида ахборот йиғиш ва уни сақлашда эркин бўлмоғи лозим”, - дейилади ЕХҲТ расмийсининг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов номига йўллаган мурожаатида.

Бир неча мустақил нашрлар мухбири ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси У.Ниëзова чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб 22 январь куни ҳибсга олинган ва шундан бери Тоштурмада сақланиб келмоқда.

У.Ниëзова ҳибсга олингандан бери қарийб 2 ойча вақт ўтди ва бу орада кўплаб халқаро ташкилотлар ва Ғарбнинг айрим ҳукуматлари уни озод қилишни сўраб расмий Тошкентга мурожаат қилди. ЕХҲТ эса фақат бугун шундай мурожаат билан чиқди.

“Биз Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги элчиси орқали Тошкент ҳукумати билан Умида Ниëзова масаласида кўпдан алоқадамиз ва Ниëзова ишига оид барча маълумотни сўраб келдик. Бугунга келиб У.Ниëзова иши судга оширилиши аниққа ўхшаб қолди. Айни шундай хатар муносабати билан биз бугунги мурожаат орқали Ўзбекистон ҳукуматига олдиндан огоҳлантирув йўлладик. У.Ниëзова иши судгача бормай, тўхтатилишига ҳалиям умид қилмоқдамиз. Ўтган ҳафта Умида билан учрашган қариндоши тергов жараëни ниҳоясига етиб қолганини билдирди. Шу муносабат билан биз Ўзбекистон ҳукуматига расман мурожаат қилиш фурсати етди, деган қарорга келдик”, - деди М.Ҳаратци “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Халқаро ташкилотлар ҳуқуқ ҳимоячилари Умида Ниëзова, Гулбаҳор Тўраева ва Мўътабар Тожибоеванинг озод этилиш талаби билан Ислом Каримов ҳукуматига кўплаб мурожаатлар қилган. Аммо уларнинг бари жавобсиз қолмоқда.

Хўш, ЕХҲТнинг мурожаати ҳам эътиборсиз қолмаслигига умид борми?

“Биз мурожаатимиз Ўзбекистон ҳукумати томонидан инобатга олиниши имконларини ўрганяпмиз ва бунга умид қилмоқдамиз. Биз Умида Ниëзова ўз журналистик фаолияти давомида тўплаган маълумотлари учун ҳибсга олинган, деб ҳисоблаймиз. ЕХҲТга аъзо давлатлар журналистнинг ўз фаолиятини эркин олиб боришини кафолатлаш масъулиятини ўз зиммасига олган. Шу боис, бизнинг Умида Ниëзова ишини судга оширмай тўхтатиш борасидаги сўровимиз Тошкент ҳукумати томонидан қабул қилинишига умид қилмоқдамиз”, - дейди Миклош Ҳаратци.

ЕХҲТнинг Ўзбекистон ҳукуматига У.Ниëзовани озод қилиш борасидаги сўрови қондирилмаса, ташкилот расмий Тошкентга қандай босим кўрсатиш имконига эга?

“ЕХҲТга аъзо давлатларнинг барчаси халқаро ҳамкорлик имтиëзларидан фойдаланишдан манфаатдор, деган қаттиқ ишончдаман. Шу боис, ташкилотга аъзо бўлган Ўзбекистоннинг ўз аъзолик мажбуриятини бажариши ва мустақил журналистни озод қилишига умид қиламан”, - деди Миклош Ҳаратци.
XS
SM
MD
LG