Линклар

“Coscom” плюс Алоқа агентлиги тенг минус 15 фоиз

  • Озодлик

Ўзбекистондаги “Coscom” мобил телефон алоқаси компанияси февраль ойидаги ўн кунлик мажбурий фаолиятсизлик оқибатида мижозларининг 15 фоизидан маҳрум бўлди.

“Лицензиямиз тўхтатилгандан сўнг мижозлар сони 85 фоизга тушиб қолди. Аммо фаолиятимизни тўлиқ тиклаганимиздан кейин мижозларимиз яна сафимизга қайтяпти. Уларнинг қайтиши ва сифатли хизмат кўрсатиш учун янги тариф режалари ишлаб чиқяпмиз”, - деди “Coscom” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси бош директори Абраҳам Смит “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Coscom” қонунбузарликларга йўл қўяётгани баҳонасида унинг лицензиясини ўн кун муддатга тўхатиб қўйган эди. Натижада 7 февралдан бошлаб 10 кун давомида компания ўз мижозларига умуман хизмат кўрсатмади. Кейинги бир неча ҳафта давомида ҳам алоқа тўлиқ йўлга қўйилмади.

А.Смит “Озодлик” билан суҳбатда февраль ойида юз берган низоларга батафсил тўхталиб ўтирмади, лекин ширкат фаолият юритаëтгани ва мижозлари ишончини оқлашга ҳаракат қилишини айтди.

У Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари сони кун сайин ортиб бораётганини айтиб, “Coscom” қисқа вақт ичида нафақат абонентлари базасини қайта тиклаши, балки унинг кўпайишига эришишига ишонч билдирди.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон Ғарб ва АҚШга қарашли ноҳукумат ташкилотлар ва ширкатларни ҳайдаб чиқаришга киришиб кетганди. “Coscom” атрофида юзага келган можаролар эса унинг ҳам ёпилиши мумкинлиги ҳақида башоратлар қилинишига сабаб бўлганди. Кўпчилик кузатувчилар “Coscom” фаолиятидаги қийинчиликларга уни бошқа компанияларга арзонроқ сотиш мақсадида яратилган сунъий тўсиқлар натижаси сифатида қараган эди.

Аммо “Coscom” бош директори бундай иддаоларни рад этади.

“Фаолиятимизда рўй берган ҳолатни Андижон воқеалари ëки Тошкент-Вашингтон ўртасида юзага келган муносабатларга боғлаб бўлмайди. 13 май воқеаларига анча бўлди¸ назаримда ҳозир Ўзбекистон ҳукумати АҚШ ҳукумати билан янги муносабатларни қуриш йўлларини изламоқда. АҚШ давлат котиби ëрдамчисининг яқинда Тошкентга қилган сафари ҳам фикримизга далил бўла олади. Шунинг учун “Coscom” Америкага қарашли ширкат бўлгани учун ўн кунга ўчириб қўйилди, деган хаëлларга бормаслик керак”, - деди А.Смит.

Унинг сўзларига кўра, “Coscom” иши турли инстанцияларда кўрилаётган бўлса-да, бу ширкат фаолиятига ҳеч қандай таҳдид солмайди. Шунингдек, “Coscom”нинг сотилиши ҳақидаги гап-сўзларга ҳам ҳеч қандай асос йўқ.
XS
SM
MD
LG