Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:55

Хоразмда “тозалаш”


Ўзбекистон мулозимлари қўлида тўпланган бойликни қайта тақсимлаш жараëни Хоразм вилоятидан бошланганга ўхшайди. Вилоятда айрим мансабдорлар устидан жиноят иши қўзғатилиб, улар судга тортилмоқда.

Шундай амалдорлардар бири “Ўзтрансгаз” акционерлик компанияси бош директори ўринбосари, “Урганчтрансгаз” шўъба корхонаси директори Зафар Ботировдир. Унга мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда “Урганчтрансгаз”нинг жами 126 миллион 400 минг сўм солиқ ва тўловлардан қарзини тўлашдан бўйин товлаганлик айби қўйилган. Шунингдек, у чегарани ноқонуний кесиб ўтишда ҳам айбланган. Маълум бўлишича, у чет элга чиқиши махсус келишув талаб қиладиган шахс бўлгани ҳолда тегишли орган ёки мансабдор шахс билан келишмай, рухсатнома расмийлаштирмасдан Шовот тумани чегара пости орқали Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига ўтган ва у ердан авиатранспортда Ашхобод шаҳрига етиб борган. У Туркманистонга давлат ишлари билан борган эса-да, чегарани кесиб ўтиш чоғида паспортига белги қўйилмаган.

Боғот тумани жиноят ишлари суди З.Ботировни юқорида кўрсатилган айбловлар билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Хоразмдан олинган хабарларга кўра, қамалганлар орасида вилоят ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Маткарим Шарипов ҳам бор. У давлат манфаатларига 700 миллион сўмликдан кўпроқ зарар етказганликда айбланиб, Урганч тумани суди томонидан 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” директори Раҳимбой Йўлдошев эса давлат мулкини кўп миқдорда талон-тарож этиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва пора бериш каби жиноятларда айбланди.

У “Хоразмқурилиш” очиқ акциядорлик жамияти ва “Обиҳаёт ЛТД” масъулияти чекланган жамияти мансабдорлари билан тил бириктириб, Гурлан маиший хизмат касб-ҳунар коллежи, Хива тиббиёт коллежи, Гурлан қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи, Урганч компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи, Урганч тумани саноат транспорти касб-ҳунар коллежига ўрнатилмаган жиҳозлар, бажарилмаган ишлар, асоссиз харажатлар, олдин фойдаланишда бўлган, қонуний ҳужжатларга эга бўлмаган жиҳозларни ўрнатиб топшириш ҳисобига 269 миллион сўмга яқин маблағни талон-торож қилгани маълум бўлган. Шу боис, Р.Йўлдошев жавобгарлик талаб этадиган ишда ва юқори мансабларда ишлаш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилинган ва 12 йилга қамалган.

Вилоятнинг айрим мансабдорлари устидан эса суд жараёнлари давом этяпти.

“Хоразм автойўл” бошқармаси бошлиғи Валерий Полвонов ҳали суд килинмади. Унинг устидан тергов ишлари давом этмоқда. Халқ орасида “Худди разбор” номи билан танилган мансабдор Худойберган Нафуллаев ҳам солиқдан қочиш, бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш, мансабни суиистеъмол қилиш, давлат мулкини талон-тарож қилиш жиноятлари бўйича тергов қилинмоқда.

Бу мансабдорларнинг фақат ўзлари эмас, балки қўл остидаги яна кўплаб кичик амалдорлар ҳам озодликдан маҳрум этилмоқда ёки улар устидан тергов давом этаётир. Уларнинг бирортасига сиёсий айблар қўйилаётгани йўқ, улар фақат иқтисодий жиноятлар учун жавоб бераётир.
XS
SM
MD
LG