Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

Президент байроғи Туркманбошисиз қолди


Туркманистон раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов президент байроғидан Сапармурод Ниёзовнинг номини олиб ташлашга буйруқ берди. Энди байроқда фақат “Туркманистон президенти” ёзуви бўлади.

Бу ерда гап давлат байроғи эмас, айни президент штандарти ҳақида бормоқда. Шундай қилиб, Туркманистонни 20 йил бошқариб, ўтган йил декабрда вафот этган Туркманбошининг номи давлат раҳбарининг рамзларидан биридан бутунлай ўчирилди.

Аммо бу каби ишлар мамлакатда Туркманбоши шахсига сиғиниш тугатилаётганидан дарак бермайди, шекилли. Буни мамлакатда чоп этилаётган газеталарда бир йил ичида рўй берган ўзгаришлар мисолида солиштириб кўриш мумкин.

“Туркманистон” газетасининг 14 март кунги сонида биринчи саҳифа бошида “Руҳнома” китобининг бир эмас, икки сурати бор. Бундан бир йил олдинги газетада “Руҳнома”нинг битта сурати бор, холос. Ўтган йилги газетада Туркманбоши сўзлари сарлавҳага чиқарилган бўлса, ҳозир Қ.Бердимуҳаммедов сўзларига шундай ўрин берилган”, - дейди “Озодлик”нинг Ашхободдаги мухбири Холмурод Қиличдурди.

Ўтган йилги газетада С.Ниëзовнинг улкан сурати бор эди, бу йилги газетада эса Қ.Бердимуҳаммедов сурати турибди. Унинг сурати газетанинг ҳар бир саҳифасида бор. “Туркманистон”нинг қолган саҳифаларида янги президентнинг москвалик журналистга берган интервьюси ва унга келаётган қутловлар чоп этилган.

Ҳокимият тепасига келган Қ.Бердимуҳаммедов мамлакатда сезиларли ўзгаришлар қилишга киришгани сир эмас. Масалан, илгари бекор қилинган 10 йиллик таълим ва пенсиялар қайта тикланди. Ҳар куни ҳамма жойда мажбурий айтиладиган президентга қасам ичиш маросими бекор қилинди.

Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Артём Урунян сўзларига кўра, С.Ниëзов ўлган илк кунларда оммавий ахборот воситаларида кўзга тушланган ўзгаришлар Қ.Бердимуҳаммедов президент бўлганидан кейин яна эски ҳолатга қайтган.

“Бугун Ниëзов билан Бердимуҳаммедов режими ўртасидаги фарқни топиш қийин. Ҳозир яна башизм қайта тикланганини кўряпмиз. Бердимуҳаммедов ўзини Туркманбошига тенглаштирмоқчи”, - дейди А.Урунян.

Бўйинг бўйимга муносиб, деган қўшиқ туркманларда ҳам бор. Мамлакатнинг янги президенти нафақат қиëфа жиҳатдан, балки тоталитар сиëсий тузум тарафдори бўлгани билан ҳам Туркманбошини эслатмоқда. Кўпчилик ҳозирги вазият “бир қадам олдинга, икки қадам орқага” нақлини ёдга солаётганини айтаётир.

XS
SM
MD
LG