Линклар

logo-print

Пластик карточка жуда қулай, лекин...


“Ўзрепорт” сайтининг ёзишича, Ўзбекистонда пластик карточкалардан фойдаланиш ўтган йили аввалги йилдагига нисбатан 53 фоиз ўсган. 2007 йилнинг 1 январига келиб муомалада бўлган пластик карточкалар сони 3,2 миллион донадан ошган.

Ўзбекистонда пластик карталар пайдо бўлганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Пул муомаласининг бу қулай турини амалиётга тадбиқ этиш жараёни аста-секин бўлса-да, давом этмоқда.

“Пластик карточкалардан фойдаланиш катта афзалликларга эга, - дейди Ўзбекистон Марказий банки ходими. - Аввало, банкдан ташқари пул айланмаси қисқаради. Одамларга қулайлик туғилади, масалан, чўнтагида катта миқдорда пулни купюраларда олиб юрмайди, кичиккина пластик карточкалар бўлади. Пулларнинг йўқолиши, ўғирланиши ҳолатлари ҳам камаяди. Ҳисоб-китоб жараёни аниқлашади. Яъни терминал орқали ҳисоб-китоб қилгандан кейин сўм тийинигача аниқ бўлади”.

Пластик карточкаларнинг афзалликлари кўп бўлса-да, ўзбекистонликлар орасида ундан фойдаланишни истамайдиганлар анчагина. Бунинг асосий сабабларидан бири ойлик маошларнинг камлиги ва бу маблағ оиланинг кундалик озиқ-овқатидан ортмаслигидир. Қолаверса, банкомат ва терминаллар тизими ривожланмагани ҳам пластик карточкалар кенг тарқалишига катта тўсиқ бўлаётир.

“Мен таниш ҳамкасбларим пластик картадан фойдалангани ҳақида эшитмаганман. Шахсан мен фойдаланмайман. Чунки бизда банкоматлар ҳамма жойда ҳам йўқ. Пластик картани олгач, қаерга боришни билмасанг. Дўконга кирсанг савдо қила олмасанг. Бозорда ҳам ундан фойдаланишнинг умуман имкони йўқ. Шаҳарда кимдир фойдаланаётгандир. Лекин мен каби қишлоқда яшаётганлар ундан фойдаланмайди”, - дейди андижонлик ўқитувчи Ваҳобиддин ака.

Унда пластик карточкалардан фойдаланиш кўрсаткичи нима ҳисобидан ошмоқда?

“Ўзбекистондаги барча банклар ходимларининг 100 фоиз маоши пластик карталарга ўтказиб берилади. Кейин банк мижозлари бўлган, муқим бир иш ўрнига эга бўлган шахсларга иш ҳақи лойиҳалари жорий қилинмоқда”, - деб ёзади “Ўзрепорт” сайти.

Кузатувларга кўра, пластик карталардан фойдаланишдаги ўсиш сунъий таъминланаётир. Яъни кўп ҳолатларда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг ойлик маошлари мажбурий тарзда пластик карталарга ўтказиб берилмоқда.

“Масалан, Ҳазораспда тиббиёт соҳаси ходимларига иш ҳақи пластик карта орқали берилган. Улар нақд пул зарур бўлганда қаердан олишни билмай роса сарсон бўлди. Вилоят марказига келиб, турли идораларга мурожаат қилишганига гувоҳ бўлганман. Одамларда пластик картага ишонч йўқлигининг асосий сабаби қишлоқ жойларида ундан фойдаланишнинг умуман имконсизлигидир”, - дейди хоразмлик суҳбатдошлардан бири.

Жиззах вилоятида эса халқ таълими ходимларига маошни пластик карточкалар воситасида олиш таклифи бўлганида улар буни қатъий рад этгани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистонда пластик карталардан фойдаланиш ихтиёрий тарзда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бироқ мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси қишлоқда яшаши ва у ердаги ҳозирги аҳвол инобатга олинса, пул муомаласининг бу қулай тури оммалашишига ҳали анча бордек кўринади. Бошқа томондан, ойлик маош кундалик рўзғор харажатларини ҳам қоплай олмаётган бир шароитда пластик карталарга эҳтиёж ҳам йўқ-да.
XS
SM
MD
LG