Линклар

logo-print

Динини ўзгартириб балога қолганлар

  • Абдулла Искандар

Диний эркинликларни ҳимоя қилувчи “Форум 18” ташкилоти ва “Критин” журнали Қорақалпоғистонда насроний динига ўтган маҳаллий фуқаролар тазйиқларга учраётгани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарга кўра, Қорақалпоғистондаги насроний руҳонийлар Саловот Серикбоев ва Мақсад Жобберганов милиция ходимлари томонидан тазйиққа олинган. Улар ноқонуний диний йиғилишлар ўтказишда айбланмоқда.

32 ёшли С.Серикбоев Мўйноқ шаҳридаги насроний черкови етакчисидир.

“Саловот 1994 йилда насронийликни қабул қилганидан бери уйимизда тинчлик йўқ, - дейди С.Серикбоевнинг онаси “Озодлик” мухбири билан суҳбатда. - Муаммоларнинг охири кўринмаяпти. Мўйноқ ҳокими ва милиционерлар “Инжил”ни ташла, деб ўғлимга зуғум қилмоқда. Милиция келавериб ҳоли жонимизга қўймаяпти. Саловот Нукусдаги жамоадошлари олдига кетиши биланоқ милиция эшигимизни қоқиб келади”.

Саловотнинг онаси гапни қисқа қилиб: “Телефонда ҳамма гапни сўзлашиб бўлмайди. Деворнинг ҳам қулоғи бор”, - деди.

Қорақалпоғистонлик Василиса исмли жувон ўз эри Мурот ва дўстлари билан “Инжил” ўқиëтган пайтда прокуратура ходимлари бостириб кириб видеотасвирга олди ва йиғилганларни олиб кетди.

Василисанинг айтишича, улар Жиноят кодексининг 216 ва 244-моддалари бўйича ноқонуний диний тадбирлар ўтказишда айбланмоқда ва ҳар куни терговга қатнаяпти. Ҳозир унинг ўзига дўстлари билан учрашиш маън қилинган.

Қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов ўз динини ўзгартириб, бошқа эътиқодни қабул қилганларга нисбатан тазйиқлар турли кўринишда давом этаётганини билдирди. Масалан, Қорақалпоғистоннинг Ёнбошқалъа қишлоғидан насронийларни ҳайдаб чиқаришга уриниш бўлган.

Расмийлар мамлакатда насронийларга тазйиқлар бўлаётганини кескин рад этиб келади. Улар рус православ черкови ва рим католик черкови вакиллари Ўзбекистонда эркин фаолият кўрсатаётгани, ҳатто уларнинг айримлари ҳукумат орден ва медалларига лойиқ кўрилганини қайд этади.
XS
SM
MD
LG