Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Туғилмасдан бўғилди...ми?


Ўзбекистон Қирғизистон билан фуқароларнинг ўзаро визасиз борди-келдиси борасида эришилган шартномани вақтинча бир томонлама тўхтатгани маълум қилинди. Бу келишув кучга кирганига эндигина бир ойча бўлганди.

“Ўзбекистон томони бу келишувни вақтинча тўхтатди. Бунинг сабаби фуқароларимизнинг шахсини тасдиқловчи ID картларга қўшимча махсус варақалар жорий этганимиз билан боғлиқ. Ҳозир бу масала билан Қирғизистон Ички ва Ташқи ишлар вазирликлари шуғулланмоқда”, - дея баёнот берди Қирғизистон Ахборот ресурслари ва технологиялари давлат агентлиги раҳбари Туруспек Қуёналиев.

Икки йилдирки, Қирғизистонда фуқароларнинг ички ва чет эл паспорти тизими жорий этилган. Ички паспорт – кичиккина карточка кўринишидаги ҳужжат ID карт, деб юритилмоқда.

Ҳозир Қирғизистон фуқаролари ID карт, яъни мамлакатнинг ичкарисида қўлланадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан Қозоғистон ва Россияга бемалол бориб келмоқда. Бу мамлакатлар билан шундай келишувга эришилган. Аммо Ўзбекистон томони бунга рози бўлмаган. Қирғиз расмийлари Ўзбекистон бу карточкаларга қўшимча равишда махсус варақа талаб қилаётганини билдирмоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ департаменти раҳбари Усеин Исев Ўзбекистон талабининг сабабларини тушунтириб беришга ҳаракат қилди.

“Чегарадан ўтилаётганда ҳужжатга тамға босилади. ID картга тамға босишнинг имкони бўлмагани учун биз махсус варақа жорий қилдик. Аммо Ўзбекистон томони бу варақаларимизни ўта жўн ва қалбакилаштириш жуда осон, деб эътироз билдирди. Бу тўғри ва ҳозир биз бу варақалар хавфсизлиги устида ишлаяпмиз”, - деди вазирлик вакили.

Унинг сўзларига кўра, хорижий паспорти бор Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга бемалол визасиз бориб келиши мумкин.

“Ўзбекистон томони ID картлар билан ҳали бироз муаммолар бўлиши мумкинлиги ҳақида бизни огоҳлантирган эди. Лекин бизда жорий этилган янги паспорт тизими билан боғлиқ жиддий муаммолар бор ва биз Ўзбекистон томонига бу вазиятни тушунтирганмиз. Улар ҳозирча фуқароларни ўтказиб туришга рози бўлган ва якуний расмий жавоб тез орада берилишини айтганди. Бироқ ҳалига қадар жавоб берилгани йўқ. Одамлар эса кутиб тура олмайди”, - деди У.Исев.

Ҳақиқатан ҳам ўзбек-қирғиз чегарасидан доимий ўтиб турадиган фуқароларни чегарадаги паспорт муаммоси тўхтатиб қола олмайди.

“Мен Қорасув бозорида савдо қиламан. 5 йилдан буён Ўзбекистонинг Хонобод тумани орқали Қорасув бозорига қатнайман. Яқинда паспортни алмаштирган эдим. Менга ID карт беришди. Энди ана шу карточка билан мени Ўзбекистон ҳудудига қўйишмаяпти. Мен эса савдони тўхтатиб қўя олмайман, шунинг учун худди аввалгидек яширин йўллар билан қатнаяпман”, - дейди жалолободлик Тамара исмли савдогар аёл.

Қирғизистон расмийлари ID картлар билан Қозоғистон ва Россияга бемалол бориб келаётган фуқаролари тез орада Ўзбекистонга ҳам бориш имконига эга бўлишига умид билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG