Линклар

Ўзбек сиёсатшунослари ҳинд ҳарбий базасидан ташвишда

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонлик бир гуруҳ сиëсатшунос Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов ва тожик жамоатчилигига очиқ хат йўллаб, бу мамлакатда Ҳиндистон ҳарбий базаси ташкил этилаётганидан хавотир билдирди.

Мустақил сиёсатшунос Комрон Алиев Марказий Осиёда Ҳиндистон ҳарбий базаси пайдо бўлиши мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини сабабли шундай мурожаат билан чиқилганини маълум қилди.

Россиялик ҳарбий шарҳловчи Павел Фелгенгауер ўзбекистонлик сиёсатшунослар мурожаатига муносабат билдирар экан, ҳинд ҳарбий базаси, аввало, Имомали Раҳмонов режими учун фойдали эканини айтди.

“Агар ҳақиқатдан ҳам Душанба яқинида Ҳиндистон ҳарбий базаси пайдо бўлса, бу минтақадаги вазиятни сезиларли ўзгартириб юборади. Бу ҳолатда Покистон ютқизиқ ҳолатида қолади. Ҳиндистон Покистоннинг шундоқ биқинида база қурган бўлиб чиқади. Ҳозир Ҳиндистон тарафи базада фақат вертолётлар бўлишини айтмоқда. Аммо вертолётлар ортидан самолётлар ҳам келиши мумкин. Бу эса жиддий ҳолат. Албатта, база Раҳмонов режими мавқеини мустаҳкамлайди. Раҳмонов нафақат Москвада, балки Деҳлида ҳам таянчга эга бўлади”, - деди П.Фелгенгауер.

Айни пайтда расмий Душанбе база ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан узоқ эканини таъкидламоқда. Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фаридун Маҳмадалиев Ҳиндистон ҳарбий базасининг Тожикистонда жойлаштирилиши уйдирмадан бошқа нарса эмаслигини айтди.

“Бизнинг ҳудудда Ҳиндистон ҳарбий базаси бунëд этилиши борасида бирор ҳужжатга имзо чекилмади. Ҳиндистонликлар Айний аэропортини таъмирламоқда ва бу жараëн ниҳоясига етмади. Бунга қанча сарфланганини эса ҳиндлардан сўраш керак. Айний аэропорти Ҳиндистон самолётлари учун база бўлиши ҳақидаги гаплар чўпчакдан ўзга нарса эмас”, - деди Ф.Маҳмадалиев.

Бироқ расмий Деҳлининг қарашлари Тожикистон вакиллариникидан фарқ қилмоқда. Уларнинг баёнотларига бу мамлакатда ҳақиқатан ҳам ҳинд ҳарбий базаси пайдо бўлишига яққол ишоралар бор.

“Ўзбек сиëсатшунослари ташвишида асос бор, - дейди россиялик таҳлилчи П.Фелгенгауер. - Ҳиндистон базасининг Тожикистонда бўлиши расмий Тошкент учун исталмаган ҳолат. Албатта, бу ўзбекларга ёқмайди, руслар эса унга ижобий қарайди, Ғарб эса бетараф қолса керак”.

Тожикистон президентига мурожаат йўллаганлардан бири Комрон Алиев эса базани кириши осон, чиқиши қийин бўлган бош оғриқ, деб ҳисоблайди.

Мурожаатга имзо чеккан Иброҳим ал-Ҳошимий Марказий Осиёга ҳарбий базалар эмас, демократик институтлар кераклигини айтди.
XS
SM
MD
LG