Линклар

Гулбаҳор Тўраева иши судга оширилди

  • Абдулла Искандар

Миллий хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармаси маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраевага нисбатан тергов жараёнларини тугаллаб, ишни судга оширди.

Г.Тўраеванинг эри Фарид Янгилдиннинг сўзларига кўра, Андижон вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси унинг рафиқасига Жиноят кодексининг 159 ва 139-моддалари (конституциявий тузумга тажовуз ва туҳмат) бўйича айблов эълон қилган. Тергов ҳаракатларини МХХ терговчиси Ифтихор Шарипов олиб борган.

Г.Тўраева ҳибсга олинган 14 январдан буён, Ф.Янгилдиннинг айтишича, унга оила аъзолари билан кўришишига рухсат берилмаган, яқинлари ҳибсхонада унга қандай муомалада бўлинаётгани ҳақида шахсан билиш имкониятидан маҳрум қилинган.

40 ёшли врач-патологоанатом, тўрт фарзанднинг онаси, уларнинг энг кичкинаси Фарибей 6 ойлик, бўлган Г.Тўраева Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтаётганида қўлга олинган эди. Божхона кўриги чоғида унинг сумкасидан мухолифатдаги “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ва шоир Рауф Парфи қаламига мансуб 123 китоб топилгани айтилмоқда.

Бу китоблар бадиий мазмунга эга бўлган шеърий китоблардир. Рауф Парфининг “Иймон асири” ва Муҳамад Солихнинг “Валфажр” китоблари Ўзбекистон Маданият вазирлиги бадиий экпертиза бўлими томонидан ўрганилган ва тафтиш хулосаси айблов ҳужжатига қўшилган.

Андижон воқеалари Г.Тўраеванинг номи кенг жамоатчиликка танилишига асос бўлганди. Ўшанда у инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Саиджаҳон Зайнобиддинов ва Лутфулло Шамсуддинов каби Андижондаги вазият, зўравонликларда қурбон бўлган ва жароҳатланганлар ҳақида чет эл оммавий ахборот воситаларига хабар берган гувоҳлардан бири бўлганди.

Ҳибсга олинишидан аввалроқ Г.Тўраева Андижон воқеалари ортидан ўзига қарши босимлар кучайгани, Тошкентдаги хорижий элчихоналар вакиллари билан учрашишига тўсқинликлар бўлгани ва устидан жиноят иши қўзғатилиши эҳтимоли ҳақида хабар қилган эди.

Дунëдаги жуда кўп ташкилотлар, жумладан, қарогоҳи Женевада жойлашган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳимоя қилиш халқаро кузатув гуруҳи Г.Тўраевнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG