Линклар

logo-print

“Дон”ни тинч қўймаётган “Класс-Доминатор”ми?

  • Абдулла Искандар

“Ўзметроном” сайти Россияда ишлаб чиқариладиган “Дон” ғалла ўриш комбайнларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишига тўсқинликлар яратиш бошлангани ҳақида маълумот тарқатди.

Сайтнинг ёзишича, “Дон” комбайнларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Ўздонмаш” қўшма корхонаси фаолияти айни пайтда прокуратура томонидан қаттиқ текширилмоқда. Ўзбекистон томонидан таъсисчиси Хатирчидаги “Янгийўл” машина-трактор парки, Россия томонидан таъсисчиси “Донснаб” очиқ акциядорлик жамияти бўлган бу қўшма корхонанинг банкдаги ҳисоб рақами ва конвертация учун мўлжалланган 435 миллион сўм маблағи прокуратура томонидан ҳибс этилган. Бунинг оқибатида “Ўздонмаш”нинг Ўзбекистонга 350 та комбайн олиб келиш билан боғлиқ шартномаси бажарилмай қолиши мумкин.

Сайт Россия комбайнларини Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқариш фикри “Класс-Доминатор” комбайнини ишлаб чиқарадиган германиялик рақобатчилардан чиққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бошқа кузатувчилар эса расмий Тошкент шу йўл билан инсон ҳуқуқларига кўз юмишга тайëр турган Германияга хушомад қилмоқчи бўлаётганини айтмоқда.

Аммо Ўзбекистон банкларидан бирида комбайнлар лизинги билан шуғулланувчи бошқарма бошлиғи Файзулла ака бундай фикрни рад қилди.

“Ҳеч ким фермерларни немис комбайнини сотиб олишга мажбурламаяпти. Очиқ бозорда ҳар ким хоҳлаган комбайнини олаверади. “Класс-Доминатор” комбайнлари ўтган йилдан бери сотиб олиняпти ва бунда сиëсий омил йўқ. Ери кичиклар немис комбайнини оляпти. Чўл зонасидаги катта ерга эга фермерлар рус комбайнини харид қиляпти”, - деди Файзулла ака.

У ҳар икки комбайннинг ҳам ўзига яраша яхши томонлари борлигини айтади.

“Ҳар иккаласига ҳам талаб бор. Немис комбайни кичик далалардаги ғаллани ўришга қулай. Рус комбайнлари эса колхозларга мўлжалланган. Рус комбайни сомонни бутун чиқаради. Мол боқаман, деган фермерга шу яхши. Немис комбайни сомонни кукунга айлантириб, ерга сепиб юборади”, - дейди Файзулла ака.

90-йилларда Наманган машинасозлик заводи бош директори бўлган, собиқ Ўзбекистон халқ депутати Абдувоҳид Паттаев немис комбайнларининг Россия комбайнларидан сифат жиҳатдан афзал эканини билдирди.

“Немис комбайнлари қиммат бўлса ҳам сифат жиҳатдан яхши. Арзоннинг шўрваси татимайди”, - дейди А.Паттаев.

Сирдарëлик собиқ фермер, ҳозир Швецияда яшовчи Муҳиддин Қурбонов эса ўзбек деҳқони учун рус комбайнлари қулай эканини таъкидлади. Бироқ А.Паттаев собиқ фермернинг бу фикрини қўллаб-қувватламади ва ўзбек фермерларини Россия қарамлигидан қутқариш керак, деган фикрни илгари сурди.

М.Қурбонов эса ўз фикрига исбот сифатида бир вақтлар сиёсий сабабларга кўра ўзбек деҳқонига АҚШнинг “Кейс” комбайнлари тиқиштирилгани ва унинг оқибатларини эслатди.

“Фалон пулга олиб келинганди “Кейс”лар. Қани энди улар? Ҳаммаси товуққа катак бўлиб, ишламасдан ëтибди. Рус комбайнлари яхши”, - дейди М.Қурбонов.

Ташқи сиёсатда қаер илиқ туюлса, ўзини ўша томонга уриб ётган Ўзбекистонда ғалла ўришга мўлжалланган комбайнлар ҳам мамлакатнинг бошқа давлатлар билан муносабати даражасини намоён этувчи барометр каби кўринмоқда.
XS
SM
MD
LG