Линклар

Масжид кўп, диний эркинликчи?

  • Абдулла Искандар

Тошкентда “Ислом ва бағрикенглик. Ўзбекистон намунаси” мавзуида ўтказилган халқаро давра суҳбати иштирокчилари АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар таъминланмаган давлатлар рўйхатига киритганидан ташвиш билдирди.

Ўзбекистон расмий ахборот воситаларининг бу ҳақдаги хабарида тадбир мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси унивеситети ҳамда ЮНЕСКО иштирокида ўтказилгани айтилади.

Давра суҳбати қатнашчиси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси Ортиқ Юсуповнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 2227 та диний ташкилот рўйхатга олинган. Улар 16 конфессияга оид бўлиб, 165 таси насронийларга, 8 таси яҳудийларга ва олтитаси баҳаиларга тегишлидир. Ўзбекистонда Кришна тарафдорлари ва буддавийларнинг биттадан ибодатхонаси рўйхатга олинган.

Дин ишлари қўмитаси матбуот вакили тадбир ТИВ томонидан ташкил этилганини айтиб, “Озодлик” мухбирига унинг тафсилотларига тўхтала олмаслигини билдирди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси унивеситети профессори Раҳмон Фармонов эса дунëнинг турли нуқталарида мазҳаблараро тўқнашувлар авж олган ҳозирги пайтда Ўзбекистон диний бағрикенглик намунаси бўла олишини таъкидлади. У бу ердаги диний бағрикенглик илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалишини айтар экан, мамлакат ҳудудида қадимда ҳам турли дин вакиллари ёнма-ён яшаганини мисол сифатида келтирди.

Тадбир қатнашчилари АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар таъминланмаган мамлакатлар қора рўйхатига қўшганидан ташвиш билдирди. Давра суҳбати қатнашчиси, Рус православ черковининг Марказий Осиёдаги вакили Сергей ота Стаценко “Ўзбекистон православ оқимининг таянчи” эканини айтган.

Бу тадбир халқаро бўлишига қарамай, унга “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиллари таклиф қилинмади. Айнан ҲРУ Ўзбекистон ҳукуматини диндорларга нисбатан тоқатсизликда айблаб келади.

“Ўзбекистонда диний эътиқоди учун қамоққа ташланган маҳбуслар борлигини кўрамиз. Уларнинг кўпчилиги “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзолик ëки ваҳҳобийлик оқимини қўллаганликда айбланиб қамалган. Айни пайтда бу ерда христианлар ва бошқа диний оқимлар учун ҳам аҳвол ëмон. Масалан, “Иегова гувоҳлари” ҳам тазйиқлар билан юзма-юз. Ўзбекистонда ҳар қандай ибодатгоҳ ташкил қилиш катта оворагарчилик, қоғозбозликларни талаб қилади. Ҳар битта масжид рўйхатдан ўтиши керак. Имзолар рўйхати тақдим қилиниши шарт. Кейинчалик бу рўйхатлар махсус органлар томонидан фуқароларнинг аксилконституциявий фаолиятга аралашганига ҳужжат сифатида ишлатилади”, - дейди ҲРУнинг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Берг.

У ўтган йили ҳам мамлакатда ўнлаб мусулмонлар устидан буюртма суд жараёнлари бўлиб ўтганини эслатди.

Тошкентдаги Тўхтабойвачча масжидининг собиқ имоми, таниқли диний олим Обид қори Назаров тазйиқлар боис Ўзбекистонни тарк этган минглаб мусулмонлардан биридир. Унинг айтишича, ойни этак билан ëпиб бўлмаганидек, ўзбек мусулмонлари аҳволини дунë назаридан яширишнинг ҳам имкони йўқ.
XS
SM
MD
LG