Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:47

Афғонистонда ҳарбий жиноят содир этганлар авф этилади


Афғонистон парламенти сўнгги 30 йил ичида ҳарбий жиноят содир этишда гумонланган фуқаролар устидан мамлакат судининг мустақил равишда тергов ўтказишини тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Қонун лойиҳасини қувватловчилар у мамлакатда миллий ярашувга эришишга ёрдам беришини айтмоқда. Қаршилар эса бу қонун билан ҳозирги ҳукуматнинг ҳарбий жиноят содир этишда гумонланган аъзолари ўзини жазодан қутқариш чорасини кўрмоқда, деб ҳисобламоқда.

Қонунга биноан ҳарбий жиноят жарбдийдалари адолат излаш ва тегишли органларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ жабрланувчининг даъво аризаси бўлмаган тақдирда афғон суди ҳарбий жиноятларни текшириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Афғонистон парламентининг қуйи палатаси – Лўя Жирға президент Ҳомид Карзай имзолаган қайта таҳрирдаги бу қонун лойиҳасини маъқуллади.

Сўнгги 30 йил давом этган уруш даврида ҳарбий жиноят содир этганликда гумонланаётган барча афғонистонликларга авфи умумий эълон қилиш тўғрисидаги лойиҳа Афғонистон парламентининг ҳар икки палатасида муҳокама этилиб, президентга тақдим қилинган эди.

Афғонистоннинг Нуристон вилоятидаги мартабали дин пешвоси Муҳаммад Муса Мулавий мамлакат парламенти ҳарбий жиноятларга нисбатан ёппасига амнистия эълон қилишга ҳақли эмас, деб ҳисобламоқда. Унинг фикрича, бундай жиноятчиларни фақатгина жабрланувчиларнинг ўзлари авф этишга ҳақлидир.

Мулавий бу амнистия миллий ярашув истиқболига зарар келтиради, деб ҳисобловчи дин пешволарини қувватлашини билдирди.

“Бу қонун ҳарбий жиноятлар содир этган одамларгагина фойда келтиради ва бошқаларни ҳам шундай жиноят содир этишга рағбатлантиради. Биз Ҳомид Карзай ва парламентни ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиши учун сайлаган эдик. Бироқ бунинг акси бўлмоқда”, - деди дин пешвоси.

Кобул университети домласи, ҳуқуқшунос Вадир Сайфийнинг сўзларига кўра, бу қонун лойиҳасидан кўпчилик норози, чунки паламент вакилларининг кўпчилиги бевосита ҳарбий жиноятларга дахлдордир.

“Менимча, бундай қонунни қабул қилиш парламентнинг қонунчилик палатаси ваколатидаги масала эмас. Яъни айтмоқчиманки, улар ўз хатти-ҳаракатини ўзи тергов қилмаслиги керак”, - деди ҳуқуқшунос.

Мамлакатда сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида тинмаётган уруш ҳаракатлари натижасида ўн минглаб одам қурбон бўлган. Карзай ҳукуматининг айрим аъзолари ҳам бу жиноятларда айблаб келинади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Афғонистон вице-президенти Карим Халилий ва дала қўмондони Абдурашид Дўстимни шундай амалдорлардан санаб, улар тергов қилиниши ва жазога тортилиши лозим, деб ҳисоблайди. Ташкилот ўзининг ўтган йилги ҳисоботида Афғонистон энергетика вазири, хавфсизлик масалалари бўйича президент маслаҳатчиси ҳамда собиқ президент Бурҳониддин Раббонийни “энг хавфли жиноятчилар”, деб атаган эди.

Мавжуд тортишувларга қарамай, янги қонун лойиҳасини қувватловчилар ҳам бор. Шу йил февраль ойида афғон парламентининг қонунчилик палатаси қонун лойиҳаси тарғиботи йўлида ташкил қилган тадбирда 20 минг афғонистонлик иштирок этган эди. Айрим фуқаролар миллий ярашувга эришишнинг энг мақбул йўли, дея шундай иш тутаётган парламентни қувватламоқда.

“Барча фуқаролар миллий ярашув мамлакатга тинчлик ва фаровонлик олиб келишини яхши билади. Шунингдек, бу авфи умумий миллий ярашувнинг муҳим бўлаги сифатида маъқулланмоқда”, - дейди кобуллик шифокор Ҳафизуллоҳ.

Афғонистоннинг Ҳирот вилоятидаги қамоқхоналардан бирида маҳбуслар бу қонун лойиҳасига қарши очлик эълон қилди. Улар ҳукумат катта-катта жиноятлар содир этган гуруҳлар тақдирини эмас, кичик жиноят содир этишда айбланган ва ўзини ҳимоя қилиш учун ҳеч бир маблағ ва имконга эга бўлмай, қамалиб кетган оддий фуқаролар тақдири борасида кўпроқ қайғуриши лозимлигини айтмоқда. Шундай фикрда бўлган маҳбуслардан бири эса норозилиги ифодаси сифатида ўз оғзини тикиб қўйгани ҳам хабар қилиняпти.
XS
SM
MD
LG