Линклар

logo-print

Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш камайгани йўқ

  • Фаррух Юсуфий

Сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг турли қисмларида қирғиз аскарлари чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган пайтида Ўзбекистоннинг етти фуқаросини ҳибсга олди.

Бу ҳақда Қирғизистондаги “Хабар” агентлигига ахборот тарқатди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот бўлими бошлиғи подполковник Чимбўлат Айтмамбетов ўзбекистонликларнинг бири чегаранинг Андижон вилоятига туташ қисмида жойлашган Бекобод чегара пунктида қўлга олинганини маълум қилди.

“Бу Отабеков номли қишлоқ олдида содир бўлди. Бу одам бировнинг паспорти билан чегарани кесиб ўтишга уринган. Унинг ғараз мақсади бўлмаган бўлиши ҳам мумкин. Балким ўзининг паспортини йўқотиб қўйгандир”, - дейди Ч.Айтмамбетов.

Унинг сўзларига кўра, чегаранинг бошқа қисмларида ҳам сўнгги икки кун ичида чегаранинг овлоқ жойларидан ўтишга ҳаракат қилган ўзбекистонлик 6 киши ушланган. Лекин визасиз борди-келди жорий қилинганига қарамай, чегарани фақатгина ўзбекистонликлар бузаётгани йўқ.

“Тўғри тушунинг, ҳаммаси фуқароларнинг қонунни билмаслиги туфайли рўй беради. Чегарани фақатгина Ўзбекистон фуқаролари бузаётгани йўқ, Қирғизистон фуқаролари ҳам, Тожикистон ва бошқа давлат фуқаролари ҳам бузади. Бунга фуқароларнинг юридик саводсизлиги сабаб бўляпти. Маҳаллий ҳокимият идоралари одамлар орасида чегарани кесиб ўтиш тартиби борасида тушунтириш ишларини олиб бормайди”, - дейди Ч.Айтмамбетов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг 60 кун муддат ичида ўзаро визасиз борди-келдиси ҳақидаги келишув ўтган йилнинг кузида имзоланган эди. Бу ҳужжат 15 февралдан кучга кирганди.

Лекин кундалик юмуш билан икки мамлакат ўртасидаги чегарадан ора-сира ўтадиган фуқаролар чегарадан ўтишдаги қийинчиликлар аввал қандай бўлган бўлса, бугун ҳам ўшандай қолаётганини айтмоқда.

Фуқароларнинг чегарадан ўтишида маъмурий тўсиқлар ҳамон сақланиб қолаётганини Ч.Айтмамбетов ҳам тан олди.

“Аввалги бюрократик тўсиқларнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам баъзилари, афсуски, сақланиб қолган. Бу эса одамларнинг давлатга нисбатан ғазаби ошишига сабаб бўлади, албатта. Чегарни бузаётганлардан аксариятининг мақсадлари беғараз, масалан, опаси Қирғизистонга келин бўлиб тушган, чегара пункти эса беш километр нарида жойлашган. Опаси тушган қишлоқ эса чегаранинг нарёғида 500 метр узоқликда жойлашган. Шунинг учун осонгина ўтиб қўя қолишни истайди. Ахир азал-азалдан бир-бири билан яшаб келган халқларнинг бемалол борди-келди қилишига халақит беришнинг нима кераги бор? Буни мен ҳам тушунмайман”, - дейди Ч.Айтмамбетов.

Унинг айтишича, куни-кеча ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқароларининг барчаси текширувдан сўнг ўз юртига қайтариб юборилган.

Чегарадан ноқонуний ўтгани учун Қирғизистонда қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилган фуқароларни энди нима кутяпти, деган савол билан “Озодлик” мухбири Ўзбекистон чегаралари устидан мутасадди бўлган идора - Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилди. Бироқ “Озодлик” радиосининг Ўзбекистонда аккредитацияси бўлмагани сабабли савол жавобсиз қолди.
XS
SM
MD
LG