Линклар

logo-print

“Пастор Дэвид” 4 йилга қамалди

  • Барно Анвар

Андижон суди вилоятдаги насроний диний жамоаси етакчиларидан бири Дмитрий Шестаковни миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатиш ҳамда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш айби билан 4 йилга озодликдан маҳрум этди.

Д.Шестаков ишини кузатиб борган ҳуқуқ ҳимоячилари ва эътиқод эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи гуруҳлар мусулмон бўлмаган дин пешвосининг 4 йилга қамалишини Ўзбекистон ҳукуматининг диний эркинликларни чеклаш томон навбатдаги қадами сифатида баҳоламоқда.

Аммо бироз аввал Ўзбекистон расмийлари “пастор Дэвид” номи билан танилган Д.Шестаковни “қонунга хилоф ҳаракат қилган миссионер ва наркоман”, деб баёнот тарқатган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг билдиришича, Д.Шестаков “Мукаммал Инжил насронийлари черкови” мустақил диний ташкилотининг Андижон вилояти бўлимини бошқарган ва мамлакатда тақиқланган прозелитизм — ўзгаларни ўз динига даъват қилиш билан шуғулланган.

Ўзбекистонда диний эркинликлар вазиятини кузатиб бораётган бир қанча халқаро ташкилот, жумладан, “Форум 18” ташкилотининг билдиришича, Д.Шестаков ҳақиқатда ҳам Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган насронийлар диний жамоаси етакчиси бўлган.

“Ҳозир Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқий нормаларга зид равишда қонуний рўйхатдан ўтмаган диний ҳаракатлар, жамоалар фаолияти тақиқланган. Бироқ бундай ташкилот ёки жамоаларнинг рўйхатдан ўтиш тўғрисида сўровлари ҳам турли баҳоналар билан рад этилади. Д.Шестаков бир неча йиллардан буён рўйхатдан ўтолмай юрган ана шундай ҳаракатнинг раҳбаридир”, - деди “Озодлик” билан суҳбатда “Форум 18” ташкилоти мухбири Игор Ротар.

Унинг сўзларига кўра, Андижондаги маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг Д.Шестаковга тазйиқи бундан қарийб 2 йил муқаддам бошланган ва руҳоний бундан хавотирланиб, бир йил муқаддам Ўзбекистонни тарк этган. Аммо 2006 йил сентябрь ойида юртга қайтишга қарор қилган ва келиши билан ҳибсга олинган. Д.Шестковнинг ўзбекистонлик эмаслиги ва гиёҳванд бўлгани ҳақидаги Ўзбекистон расмийлари айбловлари ҳақиқатга зид.

“У андижонлик оддий фуқаро. Мен унинг гиёҳванд бўлгани ҳақидаги маълумотнинг ростлигига ишонмайман. Мендаги маълумотларга кўра, у “Мукаммал Инжил насронийлари черкови” мустақил диний ташкилотнинг пастори бўлган”, - дейди “Форум 18” ташкилоти вакили.

“Биринчи бор мусулмон бўлмаган диндорлар 2002 йилда ноқонуний диний фаолият учун айбланиб суд қилинган эди, - дейди И.Ротар. - Булар “Иегово гувоҳлари” ташкилоти ходимлари бўлган ва кейинчалик улар халқаро жамоатчилик босими остида озод қилинганди. Ундан кейинги ҳолатларда эса бошқа дин вакиллари, одатда жарима ва узоғи билан бир неча суткалик ҳибсдан сўнг қўйиб юборилар эди. Д.Шестаковнинг 4 йилга қамалиши Ўзбекистонда диний сиёсатда назоратни янада кучайтириш бўйича янги кампания бошлаётгани ва Ўзбекистон ҳукумати халқаро майдондаги обрўси ҳақида ошкора қайғурмаётгани далолатидир”.
XS
SM
MD
LG