Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:27

Яримта пенсия ҳам кўп кўриняпти...ми?


“Ўзметроном” сайти мамлакат ҳукумати ишлаётган пенсионерларга қарилик нафақаси тўлашни улар меҳнат қиладиган ташкилотлар зиммасига юклашга қаратилган қарор лойиҳаси устида ишлаётганини маълум қилди.

Агар бу маълумот тўғри бўлса ва қарияларга нафақа ҳам тўлашни зиммасига оладиган “мард” ташкилотлар топилиши амри маҳол экани эътиборга олинса, ишлашни хоҳлайдиган пенсионерларнинг аҳволи вой бўлиши ойдинлашади. Ҳозир ҳам ишлаётган пенсионерлар нафақани тўлиқ олмайди.

“Мен пенсияга чиққач, “Урганчтрансгаз” ташкилотида ишладим. Ойлик маошимни тўлиқ олардим, лекин пенсиямнинг ярмини олиб қолишарди. Мен 65 минг сўм нафақа пули олишим керак. Шу пулнинг ярминигина олардим. Ишлайдиган пенсионерларнинг нафақаларини тўлиқ беришса яхши бўларди”, - дейди хоразмлик ижодкор Қурбон Муҳаммадризо.

Унинг таъкидлашича, малакали ва ўз соҳасида профессионал маҳоратга эга одамларнинг кўпчилиги пенсияга чиққандан кейин ҳам иш фаолиятини давом эттиришни хохлайди. Аксарият ташкилотларда бундай одамларга эҳтиёж ҳам катта. Бироқ бунга пенсия пулининг ярмидан маҳрум этилиш масаласи тўсқинлик қилади.

Қ.Муҳаммадризо айни пайтда ҳеч қаерда ишламаяпти. Айтишича, кўп ташкилотлар уни ишга таклиф қиляпти. Лекин у нафақасининг ярмидан ажралишни хоҳламаслиги туфайли бу таклифларни рад этяпти.

“Олий маълумотим бор. Ҳозир университет, коллеж ва лицейлардан ишга таклиф бўляпти. Яқинда ўқитувчилар малакасини ошириш институтига чақиришди. Мен уларнинг таклифига рози бўлмадим. Пенсиямнинг ярми чегириб қолинса, ишлашимдан менга манфаат бўлмайди. Кўп малакали одамлар айнан пенсиясидан ушлаб қолиниши туфайли ишламай уйда ўтиришга мажбур бўлмоқда”, - дейди Қ.Муҳаммадризо.

У кўп пенсионерлар нафақа пули рўзғор харажатларини қопламаслиги сабабли ишлашга мажбур бўлишини айтади.

“Мен ҳам ишлашни хоҳлайман. Чунки пенсия пулим харажатларимни қопламайди. Коммунал хизматларга тўлаш керак, рўзғор харажатлари қанча. Қариган чоғимда яхши еб ичгим келади”, - дейди кекса ижодкор.

“Ўзметроном” сайтида ёзилишича, Ўзбекистон ҳукумати яширинча ишлаб чиқилаётган қарорни қабул қилиш орқали пенсия тўлови бўйича ижтимоий таъминот юкини ўзидан соқит қилиб, уни иш берувчи ташкилотлар зиммасига юкламоқчи.

Янги қарор лойиҳаси аслида ҳам мавжудми ёки йўқлигини билишнинг имкони бўлмади. Хусусан, Тошкент шаҳри меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бош бошқармаси вакиллари янги қарор тайёрланилаётганидан бехабарлигини билдирди. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигидан ҳам айни жавоб олинди.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ҳар бир ишчи-хизматчи меҳнат ҳақининг 2,5 фоизини пенсия жамғармасига ўтказади. Агар пенсия тўлови иш берувчи зиммасига юклатилса, тўланаётган солиқ кимнинг чўнтагига кетяпти, деган савол очиқ қоладиган кўринади.

Кузатувчиларнинг билдиришича, агар янги қарор кучга кирса, ишлаётган минглаб пенсионер ишсиз қолиши мумкин. Чунки аксарият ташкилотлар ортиқча маблағ тўлашдан кўра пенсионерлар меҳнатидан воз кечишни афзал билади. Бу эса мамлакатда камбағаллар оилалар сони янада кўпайишига олиб келиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда битта нафақа пулига кун кўриш қийинлиги сир эмас.
XS
SM
MD
LG