Линклар

logo-print

Янги қонунлар сиёсий ҳаётда ўзгаришлар ясайдими?

  • Абдулла Искандар

Март ойи охирида Ўзбекистон Сенати сиëсий партияларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини кучайтириш ва конституцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини муҳокама қилади.

Бу ҳужжатлар парламентга Ўзбекистон президенти томонидан тақдим этилган ва Олий Мажлиснинг қуйи палатаси томонидан маъқулланган эди.

Россиялик журналист Александр Желенин “Независимая газета”да эълон қилинган “Тошкент муз эриши арафасида” сарлавҳали мақоласида қабул қилиниши кутилаётган бу қонунлар Ўзбекистонда муқобилликни бошлаб бериб, сиëсий заминга демократия уруғларини қадашини билдирди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси матбуот хизмати ходими Ҳусниддин Бердиев тилга олинган қонунлар зарур ҳужжат эканини айтар экан, улар “сиёсий партиялар мавқеини ошириш йўлида муҳим қадам бўлиши”ни айтди.

Унинг сўзларига кўра, сиëсий партияларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириш тўғрисидаги қонун халқ ва партиялар аъзолари ўртасида қизғин муҳокама этилгандан кейин қабул қилинмоқда.

Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов эса илгари ҳам бу каби хўжакўрсин қонунлар қабул қилинганини айтар экан, улар демократияни эмас, амалдаги диктатурани мустаҳкамлашга қаратилганини билдирди.

Конституцияда Ўзбекистон кўппартиявий давлат экани белгилаб қўйилган. Ҳозир мамлакатда расман рўйхатдан ўтган бешта партия фаолият юритади.

“Сиëсий палитра нуқтаи назаридан қарасак, бу партиялар ичида Халқ демократик партияси консерватив қадриятлар тарафдори экани ва “Адолат” социал демократик партия экани ва “Фидокорлар” эса ўнг миллий ғоялар тарафдоридек кўринади. Аслида уларни ҳаммаси бир тусда. Ўзбекистонда сиёсий қудрат партиялар ёки парламент эмас, балки якка шахс қўлида жамланган”, - дейди О.Орипов.

Унинг айтишича, яқинда конституциянинг 89-моддасига ўзгартириш киритилиб, президент ваколатлари янада кўпайтирилиши кутилмоқда.
89-модданинг ҳозирги шаклида “президент давлат ва ижро ҳокимияти раҳбари” экани белгилаб қўйилган эди. Ўзгариш киритилгандан сўнг у “президент мамлакат бошлиғи ва у давлат органларининг мувофиқ ишлашини таъминлайди” шаклини олади. Бу ерда ижро ҳокимияти ҳақидаги гап олиб ташланган.
XS
SM
MD
LG