Линклар

Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги футболни ҳам қамраб оляпти

  • Озодлик

17 март куни Москвада Россия футбол уюшмаси ва Ўзбекистон футбол федерацияси ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум имзоланиши кутилмоқда. Илгари ЎФФ бирор давлат билан бу каби ҳужжат имзоламаган.

РФУ сайтида бу меморандумдан мақсад Россия ва Ўзбекистонда футболни ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш ҳамда футболни оммалаштириш экани айтилган.

Бу меморандум икки давлат терма жамоалари ва клублари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказишни ҳам назарда тутади.

“Биз Россия терма жамоалари билан бир неча ўйин ўтказмоқчимиз, ўқув машғулотлари уюштирмоқчимиз. Бундан ташқари, бошқа йўналишлар бўйича ҳам ҳамкорликлар қилинади”, - деди “Озодлик” билан суҳбатда ЎФФ терма жамоалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Алишер Никимбоев.

ЎФФ шу вақтгача бирор мамлакат федерацияси билан бу соҳада ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат имзоламаган. Шундай экан, ўртоқлик учрашувлари ўтказиш ва алмашинув дастурларини йўлга қўйиш учун махсус меморандум имзолаш қанчалик зарур?

“Ҳақиқатан ҳам шу вақтгача биз ҳеч қандай меморандумсиз турли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказганмиз ва ҳозир ҳам масалан, Хитой, Эстония терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш ҳақида келишиб олганмиз. Бу меморандум доирасида нафақат терма жамоалар ўртасида учрашувлар ўтказиш, балки ҳакамлар, мураббийларнинг тажриба алмашишини уюштириш ва болалар футбол мактабларини ривожлантириш борасида ҳам анча ишлар қилиниши режалаштирилган”, - дейди А.Никимбоев.

Унинг айтишича, ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири икки мамлакат футбол клублари ўртасида халқаро турнирлар уюштириш, ҳаваскорлар, фахрийлар, аëллар ва ўсмирлар ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказишдир.

ЎФФ расмийлари имзоланиши кутилаëтган меморандум Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилганини яширмаяпти.

Кузатувчилар бу ҳужжат Ўзбекистон футболи ривожланишида катта рол ўйнаши мумкинлигини айтяпти. Аммо бу Россияга нима беради?

РФУ матбуот хизмати бошлиғи Игор Владимиров бу саволга жавоб берар экан: “Ҳар қандай ҳамкорлик тажриба алмашиш, алоқалар кенгайишини кўзда тутади. Нима бўлганда ҳам россиялик ëшларнинг Ўзбекистонда ўртоқлик учрашувлари ўтказиши фойдали бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзбеклар зеҳнияти русларникига яқин. Шунинг учун ҳам бу ҳамкорлик Россия учун изсиз қолмайди”, - деди.

У йил бошида Москвада МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари кубоги учун ўтказилган мусобақада Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ғолиб бўлганини эслатар экан, ЎФФда профессионал кишилар ишлаётганига амин бўлганини билдирди.

Расмийларнинг бундай эҳтиросли гапларига қарамай, Ўзбекистон футболида талай муаммолар бор. Замонавий стадионлар етишмаслиги, олий лигадаги жамоаларнинг бюджетидаги камчиликлар, миллий терма жамоадаги мураббийлар кўнимсизлиги шулар жумласидандир.

Спорт журналисти Аброр Имомхўжаев бу камчиликларни бартараф этиш учун талай ишлар қилинаётганини таъкидлади.

“Ҳақиқатан ҳам анча ишлар қилиняпти. Масалан, 20 мартдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси хориж сафарига отланади. Хитой Тайпейи ва Хитой терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Украина терма жамоасига қарши тўп суриш ҳам режалаштирилган. Олдин биз бундай рақиблар ҳақида фақатгина орзу қилардик. Қолаверса, олимпия терма жамоамиз вакиллари мана дастлабки иккита учрашувда иккита ғалабага эришди. Болалар мактабига катта эътибор бериляпти”, - деди А.Имомхўжаев.
XS
SM
MD
LG