Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:47

Фаластинликлар янги ҳукуматга катта умид боғламоқда


Фаластиннинг “Фатҳ” ва “Ҳамас” гуруҳлари вакилларидан тузилган янги миллий бирлик ҳукумати таркиби тасдиқланиш учун мухторият парламенти ҳукмига ҳавола қилинди.

Янги ҳукумат дастурини тузиш юзасидан олиб борилган ишлар жума куни якунига етди. Бу дастурнинг “тили” жорий ҳафта бошида эълон қилинган аввалги дастурникидан бироз юмшоқроқ экани билан фарқланади. Дастур “Ҳамас” раҳбарларидан бири, бош вазир Исмоил Хония томонидан парламент сессиясининг дастлабки мажлисида тақдим этилди.

Жорий ҳафта бошида И.Хония Вашингтон ва бошқаларнинг янги дастур тўғрисидаги баъзи ташвишларига тўхталиб: “Шубҳасиз, АҚШ маъмурияти ва Исроилнинг позицияси бошқачароқ, биз фаластинликлар миллий бирлигимизни мустаҳкамлаш, зиддиятларга барҳам бериш ҳамда иқтисодий қамални бекор қилиш учун зарур бўлган барча ишни қиламиз. Биз, шунингдек, халқаро ҳамжамият билан муносабатларимизни яхшилашга ҳаракат қиламиз”, - деган эди.

Исроил фаластинлик депутатларнинг мухторият бўйлаб ҳаракатларини чеклаб қўйгани сабабли мухторият парламенти сессияси бир вақтнинг ўзида Ғазо шаҳри ва Рамаллоҳда видеоалоқа ёрдамида ўтказилади.

Айни пайтда оддий фаластинликлар, жумладан, хавфсизлик хизмати ходимларию оддий фермерлар иш жойлари ва ҳукуматнинг ёрдамини талаб қилиб, сурункали пикетлар ўтказмоқда.

Тайинланиши кутилаётган ахборот вазири Мустафо Барғутий коалициянинг мақсади Фаластин давлатини Исроил 1967 йилда босиб олган ҳудудларда қуриш эканини билдирди.

Фаластиннинг тузилиши кутилаётган янги ҳукумати дастурида Исроилни тан олиш тўғрисида гап йўқ. Шунинг учун Исроил ҳукумати матбуот вакили Мири Эйзин расмий Тел-Авив Фаластиннинг янги ҳукумати билан ҳамкорлик қилмаслигини таъкидлади.

“Биз уч асосий халқаро принципни очиқдан очиқ тан олмаётган ҳукумат билан ҳамкорлик қилмаймиз. Халқаро ҳамжамият ҳам бундай янги ҳукуматни тан олмаслик позициясида қатъий туришига умид қиламиз”, - деди Исроил ҳукумати вакили.

У айтаётган уч талаб – куч ишлатишдан воз кечиш, Исроилни давлат сифатида тўла тан олиш ҳамда Исроил билан аввал эришилган келишувларга содиқ қолишдир.

Исроил бош вазири ўринбосари Шимон Перес мамлакат радиосига берган интервьюсида халқаро ҳамжамият ўз позициясида қатъий туриши кераклигини айтар экан: “Агар бу террордан воз кечмайдиган, тинч музокаралар ўтказишни истамайдиган ҳукумат бўлса, нима учун унга ёрдам бериш керак?”, деди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос эса парламентнинг 17 март кунги мажлисидаги чиқиши чоғида Ғарб давлатларини мухториятнинг янги ҳукуматини тан олишга даъват қилди.
XS
SM
MD
LG