Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:57

Умида касбий фаолияти учун таъқиб қилинаётгани ойдинлашмоқда


Тошкентда ҳибсда сақланаётган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзова билан касб юзасидан таниш бўлган мустақил журналистлардан айримлари прокуратурага чақиртирилиб, тергов қилинмоқда.

Бу ҳақда хабар тарқатган Uznews.net сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоеванинг айтишича, У.Ниёзова иши юзасидан тергов олиб бораётган Ўзбекистон транспорт прокуратураси унинг мобил телефонида сақланган барча танишларининг рўйхатини олиб, айримларини терговга чақирмоқда. Бу эса Ўзбекистон ичкарисидаги мустақил ва халқаро журналистлар изига тушилганидан дарак беради.

Яқинда тошкентлик мустақил журналист Сид Янишев транспорт прокуратурасига чақиртирилиб, айнан У.Ниёзова иши бўйича гувоҳ сифатида тергов қилинган.

“Терговчилар 2 соат давомида кўпроқ менинг касбий фаолиятим билан қизиқди. Қандай мавзуларда, қандай нашрлар учун ёзаман, қалам ҳақини қаердан оламану унинг миқдори қанча каби масалалар юзасидан саволлар берди. Кейинги куни терговчи Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида яшаётган мустақил журналистлар исмларини номма-ном айтишни талаб қилди”, - дейди Сид Янишев.

Шунингдек, терговчи Сид Янишевдан Умида Ниёзова билан муносабати ҳақида ҳам суриштирган. Унинг Умида буюртмаси билан мақола қилганми ва бунга қанча пул олгани билан қизиққан.

Бу ҳолатдан У.Ниёзова ҳақиқатан ҳам журналистик фаолияти туфайли жабрланаётгани кўринади. Қолаверса, бу жараён У.Ниёзова иши юзасидан тергов якунига анча борлиги ва ҳали бу иш давом этишидан ҳам далолатдир.

Расман У.Ниёзова чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва контрабандада айбланмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг баёнотларига кўра, У.Ниёзованинг ҳибсга олиниши ортида сиёсий сабаблар бор - у 2005 йил майдаги Андижон воқеалари гувоҳлари ўртасида сўровлар ўтказган.

Галима Бухорбоеванинг таъкидлашича, кейинги пайтда Ўзбекистонда журналистлар билан боғлиқ воқеалар махсус сценарий асосида рўй бераётган ҳолатлардир.

“Айни пайтда содир бўлаётган воқеалар аввалдан кутилган эди. Ўзбек ҳукуматининг У.Ниёзовани ҳибсга олиши ягона ҳолат эмас. Бу ҳукуматнинг мустақил журналистларга қарши қаратилган янги кампаниясидир”, - дейди Г.Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG