Линклар

Газ ОПЕКида Ўзбекистонга ҳам жой борми?

  • Озодлик

9 апрелда Қатар пойтахти Доҳада газ экспорт қилувчи давлатлар вакиллари йиғилиб, газ ОПЕКи ташкил этиш масаласини муҳокама этиши кутилмоқда. Ташкилот газга бой Ўзбекистон учун ҳам қизиқиш уйғотиши мумкин.

Доҳада ўтадиган форумда жаҳондаги йирик газ захираларига эга мамлакатлар, жумладан, Россия, Эрон, Қатар, Венесуэла ва Жазоир вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Бу учрашувда нефть экспорт қилувчи давлатларнинг ОПЕК ташкилотига ўхшаш ташкилот – газ ОПЕКи тузилгани эълон қилиниши ҳам мумкин.

Жорий йил январда Эроннинг олий диний раҳбари Али Ҳуманаий Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Игор Иванов билан учрашув чоғида газ ОПЕКи тузишни таклиф қилган эди. Аввалроқ Венесуэла президенти Уго Чавес Жанубий Америкадаги газ экспорт қилувчи давлатлар иштирокида ягона ташкилот тузиш истагини баëн этганди. Кузатувчилар Чавеснинг бу режаси амалга ошса, бу ташкилотни Россия ва Эрон иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини айтмоқда.

Россиялик мустақил кузатувчи Виталий Портников эса газ ОПЕКи тузиш таклифи сиёсий мақсадларни кўзлаганини билдирди.

“Газ экспорт қиладиган ҳар бир мамлакатнинг ўз манфаати ва энергетик сиëсати мавжуд. Оддийроқ айтганда, бу мамлакатлар газ захираларидан сиëсий мақсадларда фойдаланади. Газ ОПЕКи тузилса, унга аъзо давлатлар бир-бирига ҳисобот бериб туриши керак. Масалан, Россия нима сабабдан Украинага газни бир нархда, Европага эса бошқа нархда сотаётганини тушунтириши лозим. Хуллас, газ ОПЕКи тузилса, сиëсат ва ташвиқот билан боғлиқ саволлар ўз-ўзидан кўпаяди”, - деди В.Портников.

Агар газ ОПЕКи тузилса, каттагина газ захираларига эга Ўзбекистон ҳам бу жараёнга қизиқиш билдириши табиийдир. Айримлар мамлакатнинг бундай ташкилотга қўшилиши шарт эмаслиги, Марказий Осиёнинг ўзида ҳам минтақавий ташкилот тузиш мумкинлигини айтмоқда. Бошқа кузатувчилар эса Ўзбекистон агар газ ОПЕКига аъзо бўлса, газ экспорт қилиш масаласи анча енгил бўлишини таъкидлаяпти.

“Бу йил Ўзбекистонда 60 миллиард куб метр газ қазиб олиш мўлжалланган. Бундан ташқари, “Газпром” ва “Лукойл”нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари доирасида саноатда ишлатиладиган газ ва нефть захиралари ҳам топилиши кутиляпти. Агар газ ОПЕКи одилона ва фойдали ташкилот бўладиган бўлса, унда бу Ўзбекистонга жуда катта ëрдам бўлади”, - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Баҳодир Баҳриддинов.

Март ойи бошларида Токиода Япония ва Ўзбекистон ўртасида энергетика мавзусида форум бўлиб ўтганди. Бу учрашувда икки мамлакат расмийлари Ўзбекистондаги газ захираларини ўрганиш ва қазиб олиш, соҳага хориждан келадиган сармоя ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилганди.

Бундан илгари ҳам Ўзбекистонда энергетика борасида бир қанча халқаро учрашувлар ташкил этилганди. Бу учрашувлар мамлакат ўз табиий захираларини ўзлаштириш учун янги ҳамкорлар қидираётганидан дарак беради.

Газ ОПЕКи ташкил этилса, жаҳон бозорида газ нархини мувофиқлаштириш истиқболлари пайдо бўлади. Бу эса, кузатувчилар фикрича, газ захираларига бой мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонни ҳам сармоя ётқизиш учун жозибали давлатлар қаторига қўшиши мумкин.
XS
SM
MD
LG