Линклар

Экологияга оид хабарлар


Япония ҳукумати Киото шартномаси муддати тугагандан кейин глобал иқлим исиши олдини олишга қаратилган тадбирларда фаол қатнашишга ҳаракат қилмоқда. Бош вазир Синзо Абэ вазирларга бу борада таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берди. Япония ҳукумати бошлиғи бу таклифларни “катта саккизлик” гуруҳига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2008 йилда бўладиган саммитида муҳокамага қўйишни режалаган.

Япония Ер атмосферасини энг кўп ифлослантираётган АҚШ ва Хитойни ҳам глобал иқлим исишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этишга уринмоқда.

*** *** ***

НАТОнинг 2007 йилги “Илм соҳасидаги ҳамкорлик” мукофоти британиялик ва қозоғистонлик олимларга берилиши эълон қилинди. Ник Приест ва Қозоғистоннинг “Ал-Фаробий” университети профессори Мукаш Буркитбоев Қозоғистондаги радиологик хавф муаммосини бирга ўргангани учун бу мукофотга сазовор бўлди. Улар собиқ СССРнинг ядровий синов майдони бўлган Семипалатинск вилоятида радиоактив заҳарланиш миқдорини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказган.

22 март куни Брюсселда бўладиган тантанали маросимда икки олимга 10 минг евродан мукофот пули топширилади.






*** *** ***

22 мартда БМТ томонидан эълон қилинган Халқаро сув куни нишонланиши муносабати билан дунё мамлакатларида бу санага бағишланган турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Халқаро сув куни нишонланиши арафасида “Табиат” халқаро жамғармаси эълон қилган ҳисоботда турли чиқиндилар оқизиш, тўғонлар қуриш ва иқлим ўзгариши дарёларга жиддий хавф солаётгани таъкидланган. Унда суви кескин камайиб кетаётган дунёдаги ўнта дарё рўйхати ҳам эълон қилинган.

Ҳисоботда дунёнинг 177 та узун дарёсидан атиги 21 таси сув ҳосил бўлган жойдан денгизгача оқиб бориши қайд этилган.

БМТ маълумотига кўра, 20-асрда сувга бўлган талаб олти марта кўпайиб, аҳоли жон бошига етказиб берилаётган сув ҳажми сезиларли камайган. Хусусан, 1950 йилда дунёда аҳоли жон бошига сув истеъмоли йилига 16 минг 800 куб метрни ташкил этган бўлса, 2000 йилга келиб 7 минг 300 куб метрга тўғри келган.

Мутахассислар фикрича, агар вазият шу тарзда давом этса, 2025 йилга бориб, яъни дунё аҳолиси сони саккиз миллиардга етганда аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув миқдори 4 минг 800 куб метрни ташкил этади. Аммо ҳозирданоқ дунёнинг айрим минтақалари, жумладан, АҚШнинг ғарбий штатлари, Яқин Шарқ ҳамда Осиёнинг баъзи давлатларида аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш масаласи долзарб муаммога айланмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалик соҳасида меъёрдан ортиқ сув ишлатиш дарёлар қуришига сабаб бўлмоқда.

Англиядаги Салфорт университети профессори Дэвид Коллин “Озодлик” радиосига Марказий Осиёда ҳам вазият шундай эканини айтар экан: “Орол денгизига қуйиладиган Сирдарё ва Амударёнинг қуйи қисмига сув оқиб келиши сезиларли камайган. Бу қандайдир табиий ҳодиса оқибати эмас. Бу қишлоқ хўжалик экинлари, айниқса, пахтани суғоришда меъёрдан ортиқ сув ишлатилиши оқибатидир”, – деди.

“Табиат” халқаро жамғармасининг “Глобал чучук сув дастури” раҳбари Жэйми Питток “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Амударё ва Сирдарёнинг ҳозирги аҳволи жуда ёмон экани, вазиятни ўнглаш учун Марказий Осиё давлатлари иккала дарё сувидан ҳамкорликда самарали фойдаланишни йўлга қўйиши кераклигини таъкидлади.

Бизнингча, Амударё ва Сирдарёнинг ҳозирги вазияти жуда ёмон. Чунки сувнинг катта қисми қишлоқ хўжалик экинларини суғориш учун далаларга буриб юборилган. Агар минтақа давлатлари сувдан келишган ҳолда тежамкорлик билан фойдаланишни йўлга қўйса, бизнингча, иккала дарёда вазият анча яхшиланади”, – деди Жэйми Питток.

ЭКОСАН халқаро ташкилоти раиси профессор Юсуф Шодиметов сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш сув ресурсларини тежашда самара беради, деган фикрда. У сўнгги йилларда глобал иқлим исиши жараёнининг Марказий Осиёга салбий таъсири келажакда дунёнинг бошқа минтақалари каби Ўзбекистонда ҳам сув таъминоти масаласида муаммолар юзага келтириши мумкинлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG