Линклар

logo-print

Словакия Ўзбекистон билан муносабатларни сақлаб қолмоқчи

  • Ҳурмат Бобожон

http://gdb.rferl.org/7DC2CC7C-F4C4-41F5-85F1-78BB5B262283_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/7DC2CC7C-F4C4-41F5-85F1-78BB5B262283_mw800_mh600.jpg Тошкентга сафарини давом эттираётган Словакия ташқи ишлар вазири Ян Кубиш душанба куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинди.

Россиянинг “Регнум” ахборот агентлиги хабарига кўра, музокара давомида томонлар икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, уларни янги даражага кўтариш масалаларини муҳокама этган.

Словакия Ташқи ишлар вазирлиги Ян Кубиш Ўзбекистонга Тошкент билан муносабатларни сақлаб қолиш мақсадида келганини маълум қилди.


“Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистон билан муносабатларни ушлаб туришдир. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг йирик давлатларидан бири саналади. Ҳозир Германия раислик қилаётган Европа Иттифоқи эса бу минтақа давлатлари билан муносабатларни ўзининг устивор йўналишларидан бири этиб белгилаган”, - деди Словакия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Ўзбекистон ва Словакия муносабатлари 1997 йилда икки давлат ўртасида Братиславада имзоланган ҳамкорлик битимига асосланади. Тошкент расмийлари билан учрашувлар чоғида Ян Кубиш ўз давлати Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта қизиқиш билан қараётганини таъкидлаган. Шунингдек, у йил охирига қадар Словакияинг иқтисодиёт бўйича давлат котиби бошчилигидаги делегацияси Ўзбекистонга келишини маълум қилган.


“Словкия ЕИнинг бир аъзоси сифатида бу давлат билан алоқаларни ривожлантиришга уринмоқда. Қолаверса, Словакия икки томонлама муносабатлар доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон билан савдо-сотиқ, иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқмоқда”, - деди Словакия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Ян Кубишнинг Ўзбекистонга сафари ЕИ Андижон воқеаларидан сўнг Тошкент ҳукуматига жорий этган санкциялар атрофида тортишувлар авж паллага чиққан бир пайтга тўғри келмоқда. 2005 йил 13 май қонли воқеаларидан кейин Ўзбекистон бу борада мустақил тергов ўтказиш чақириқларини рад этгач, ЕИ Ўзбекистонга санкциялар жорий этган.

Ҳозиргача амалда бўлиб келаётган бу жазо чоралари Ўзбекистон билан қурол-яроғ савдосини тўхтатиш ҳамда Андижон ҳодисаларига бевосита алоқадор ўн икки амалдорга виза тақиқларини назарда тутади. Аммо, Словакия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидича, Ян Кубишнинг Ўзбекистонга сафари Братиславанинг Ўзбекистон борасида тутган мавқеи ўзгарганини англатмайди.

“Бу ташриф санкциялар масаласига ғов бўла олмайди. Албатта, Словакия ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий этган санкцияларни ҳурмат қилади ва Братиславанинг бу борадаги позицияси ўзгармаган. Айни пайтда ЕИ Ўзбекистон билан алоқаларни бутунлай узиш керак, деяётгани йўқ. Шу боис, биз Ўзбекистон билан танқидий нуқтаи назардан, муайян шартларга асосланган мулоқотни хоҳлаяпмиз. Албатта, Ўзбекистон 2005 йилги Андижон воқеалари билан боғлиқ аянчли кўрсатгичга эга давлат ва жаноб Кубиш ҳам ўз ташрифи чоғи Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва демократия қадриятларини ҳурматлаши лозимлигини таъкидлаган”, - деди Словкия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.
XS
SM
MD
LG