Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:14

Саддамнинг яна бир сафдоши қатл этилди


АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Ироққа бостириб кирганига 4 йил тўлган кунда Ироқнинг собиқ вице-президенти Таҳа Ёсин Рамазон Бағдодда осиш йўли билан қатл этилди.

Рамазон Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн ҳукуматининг дорга осиб ўлдирилган тўртинчи юқори лавозимли давлат амалдори бўлди.



Рамазондан олдин Саддам Ҳусайн, унинг ўгай укаси Барзан Иброҳим ат-Тикритий ва Аҳмад Бандар ҳам суд томонидан 1982 йилда Дужайлдаги шиалар қирғини учун масъул шахслар, деб топилиб, дорга осилган эди. Саддамнинг қатл жараёнини тасвирловчи видеолавҳа Интернетга қўйилгани, сўнгра 15 январь куни Барзан дорга осилганида унинг боши танасидан узилиб кетгани халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидига сабаб бўлган эди.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликийнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Бассем Ридҳа бу гал суд ҳукми рисоладагидек ижро этилгани, ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўйилмаганини таъкидлади.

Рамазон яқин вақтгача АҚШ ҳарбийлари назоратида бўлган қамоқда сақлаб келинди. Ҳукм ижро этилишидан бир оз олдин у Ироқ ҳукумати ихтиёрига топширилганди.

Дастлаб собиқ вице-президент умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бироқ кейин ўтказилган апелляция суди бу ҳукмни ўлим жазоси билан алмаштирганди.

Саддам Ҳусайн даврида ҳукуматдан азият чеккан шиалар Таҳа Ёсин Рамазон қатл этилганини қўллаб-қувватламоқда. Бағдодда ҳам бундай фуқаролар талайгина. Бағдодлик фуқаро Сабоҳ ал-Кааби “Рейтер” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда Рамазон адолатли судланди, дея фикр билдирди.

“Бу фақат ҳукумат томонидан тузилган суд эмас. Бу Ироқ халқининг ҳам суди демакдир. Биз шундай кескин чора кўрилганидан мамнунмиз”, - деди у.

Кадхим Жаббор исмли бошқа ироқлик эса “Рейтер” телевидениесига берган интервьюсида Таҳа Ёсин Рамазоннинг қатл этилгани кўпчиликка хотиржамлик ато этганини айтди.

“Ироқ халқи бундан жуда хурсанд. Рамазон ва бошқалар халқни қийнаган. Улар бизни йўқ қилган. Тирик қолганлар эса ҳозир ҳам азобда”, - деди К.Жаббор.

Таҳа Ёсин Рамазон 2003 йил августда Киркукда ироқлик курдлар томонидан қўлга олиниб, АҚШ ҳарбийларига топширилган. Ироқ уруши бошланишидан бир йил олдин, яъни 2002 йилда Рамазон Саддам Ҳусайн ва АҚШ президенти Жорж Буш ўзи танлаган қурол билан дуэлга чиқишини таклиф қилган эди.

1930 йил деҳқон оиласида туғилган Таҳа Ёсин Рамазон 1956 йилда БААС партиясига аъзо бўлган. Унгача банк ходими бўлиб ишлаган. Рамазон баасчилар ҳокимият тепасига келган 1968 йилги давлат тўнтаришида ҳам қатнашган.
XS
SM
MD
LG