Линклар

Ўзбек жангарилари маҳаллий халқнинг сабр косасини тўлдирди

  • Фаррух Юсуфий

Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида хорижий жангарилар, жумладан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ва ҳукумат тарафидаги маҳаллий қабила вакиллари ўртасида қаттиқ тўқнашувлар юз бермоқда.

Маълум бўлишича, тўқнашувлар чоғида томонлар енгил қуроллардан ташқари ракеталарни ҳам ишга солган. Жанг натижасида 50 дан ортиқ одам, жумаладан, ЎИҲнинг 38 аъзоси ҳалок бўлган. Ўзбек жангариларининг 22 нафари қўлга олинган.

Покистондаги “Саҳар” газетаси бош муҳарири Исмоил Хон “Озодлик” радиосига берган интервьюсида тўқнашувлар чоршанба куни ҳам давом этганини билдирди.

Жанубий Вазиристон журналистлари уюшмаси раҳбари Селаб Маъсуд ҳозир ЎИҲнинг 2,5 мингга яқин аъзоси жангларни давом эттиришга шай бўлиб турганини айтди.

“Хабарларга кўра, 2-2,5 мингга яқин жангари ва уларнинг тарафдорлари Вана ва Аъзам Варсоқ шаҳарлари ўртасидаги йўлнинг 17 километрлик қисмини эгаллаб олган”, - дейди вазиристонлик журналист.

Олинган сўнгги хабарларга кўра, маҳаллий ҳукумат ЎИҲ жангариларини 48 соат ичида эгаллаб турган ҳудудни тарк этиш, акс ҳолда эса уларга қарши йирик ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан огоҳлантирган.

Покистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби генерал Воҳид Аршоднинг “Озодлик”ка маълум қилишича, сўнгги тўқнашувларда иштирок этган жангариларнинг аксарияти ўзбеклар бўлганми-йўқми, ноаниқ қолмоқда.

“Бу жангарилар ўзбекларми-йўқми, айта олмайман. Улар хорижий жангарилар эканини биламан. Лекин уларнинг сони ҳақида ҳеч нарса айта олмайман”, - деди генерал.

“Рейтер” агентлигининг Покистондаги мухбири Роберт Бирсел душанба ва сешанба кунги тўқнашувлар шу ой бошида бошланган келишмовчиликнинг давоми эканини айтади.

“Афтидан, бу жанглар 5-6 март кунлари бўлиб ўтган тўқнашувларнинг давомига ўхшаяпти. Маҳаллий қабилалардан бири билан жанг қилаётганларнинг аксарияти ўзбеклардан иборатлиги ҳам маълум. Ҳалок бўлган хорижий жангариларнинг асосий қисми ўзбеклар экани ҳақида хабарлар келяпти. Бу ҳудуд билан алоқа йўқлиги туфайли аниқ маълумотлар олишнинг иложи йўқ. Лекин бу тўқнашувлар икки томон ўртасида шу ойнинг бошида юзага келган келишмовчиликнинг давоми эканини айтиш мумкин”, - деди Р.Бирсел.

5 март куни Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги ЎИҲ жангарилари Жанубий Вазиристондаги ҳукумат тарафида бўлган қабила бошлиғига суиқасд уюштиргандан кейин томонлар ўртасидаги тўқнашувда ўндан ортиқ ўзбек жангариси ўлдирилган эди.

ЎИҲ аъзолари 2001 йил кузда Афғонистондаги “Толибон” режими қулатилгандан кейин Покистоннинг маҳаллий қабилалар назоратидаги ҳудудларидан бошпана топган эди. Бироқ кейинги бир неча ой ичида маҳаллий қабилаларнинг баъзилари ЎИҲ ва бошқа хорижий жангарилар ҳаракатларидан норози бўла бошлади.

“Рейтер” мухбири бунга “Ал-Қоида” ва унга яқин алоқадор бўлган хорижий жангарилар, хусусан, ЎИҲ Покистон ҳукуматига содиқ қабилаларни ўз душманлари қаторига қўшгани сабаб бўлганини билдирди.

“Ал-Қоида”га алоқаси бор бу жангарилар Покистон ҳукумати, Ғарбнинг Афғонистондаги қўшинлари ва Кобул ҳукуматини ўз душманлари, деб билади. Шу сабабли улар Покистон ҳукуматига содиқ бўлган маҳаллий қабилалар ёки Америка ва Афғонистон жосуслари сифатида гумон қилган гуруҳларни ҳам ўз душманлари қаторига қўшиб, уларни йўқ қила бошлади”, - дейди Р.Бирсел.

“Саҳар” газетаси бош муҳаррири Исмоил Хон хорижий жангарилар ҳаракатлари Жанубий Вазиристонда катта нуфузга эга бўлган бу қабилаларнинг ҳам сабр косасини тўлдирганини таъкидлади.

“Хорижий жангарилар бу минтақада амалга ошираётган жиноятлардан маҳаллий қабилаларнинг ғазаби ошиб боряпти. Жангарилар, хусусан, ўзбеклар одам ўғирлаш, қўпорувчилик, қотилликларни амалга оширмоқда”, - дейди Исмоил Хон.
XS
SM
MD
LG