Линклар

logo-print

Ўзбек жангарилари ва маҳаллий қабилалар сулҳга эришди

  • Замира Шукур

Жанубий Вазиристон вилоятида, асосан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидан иборат жангарилар ва маҳаллий қабила вакиллари ўртасида бир неча кун давом этган тўқнашувлардан сўнг томонлар сулҳга эришди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка Пешаворда чиқадиган “The Frontier Post” газетасининг Вазиристондаги мухбири Хорун Рашид маълум қилди.

“Кеча томонлар ўт очмаслик тўғрисида келишувга эришди. Жума куни қабила оқсоқоллари зиддиятни музокаралар орқали ҳал этишга уринишларини давом эттирди. Ҳозирча янги қуролли тўқнашувлар ҳақида хабар йўқ”, - деди Х.Рашид.

Покистон расмий манбаларига кўра, 5 кунлик жанглар оқибатида 160 одам нобуд бўлган ва уларнинг учдан бирини ўзбек, чечен ва араб жангарилари ташкил этади. Жанубий Вазиристонда ҳозир ЎИҲнинг 2,5 мингга яқин жангариси борлиги тахмин қилинмоқда.

Вазиристондаги тўқнашувлар, “Вашингтон Пост” газетасининг ёзишича, ўзбек жангарилари маҳаллий аëллардан тўрттасини олиб қочгандан сўнг бошланиб кетган. Бундан аввал ЎИҲ жангарилари қабила етакчиларидан бирини ўлдирган ва бу ҳам ой бошида томонлар ўртасидаги қонли отишмаларга сабаб бўлган эди.

Х.Рашид маҳаллий жирға вакиллари билан гаплашиб, эришилган сулҳ ҳақида маълумот олишга уринганини билдирди.

“Маҳаллий жирға вакилларидан бирининг айтишича, сулҳ музокаралар ва якуний қарор чиқариш учун вақт бериш мақсадида тузилган. Томонлар сўзлашувларни давом эттирмоқда ва якуний қарорни қабила оқсоқоллари кенгаши беради. Мендаги маълумотга кўра, ЎИҲ аъзоларига қарши урушаëтган қабила жангчилари қўмондони Мулла Назир жангарилардан қуролларни ташлаш ва афғон қочқинлари 20 йил давомида яшаб келганидек, ўзига бошпана берган қабила қонун-қоидаларини ҳурмат қилиб, тинч яшашни сўраган”, - дейди Х.Рашид.

Ғарб, биринчи галда, ўз иттифоқчиси АҚШга мамлакат ҳудудларидаги террорчи гуруҳларга қарши кескин кураш олиб бораëтганини исботлашга уринаëтган Исломобод ҳукумати қабила бошлиқларининг жангарилар билан тинч яшаш режасини тан оладими ëки Жанубий Вазиристондаги бу вазиятга Покистон армияси аралашиши мумкинми?

“Ҳукумат маҳаллий қабилаларнинг жангарилар билан сулҳ тузишини эмас, балки жангларни давом эттиришини истайди, деган фикрдаман. Аммо бу ҳудудларда қабила қонун-қоидалари ҳукмронлик қилгани боис, охирги қарорни қабила оқсоқоллари беради. Аммо ишончим комил, ҳукумат уларни жангариларни бутунлай сиқиб чиқаришга ундайди ва бу борада уларга ҳарбий ва молиявий кўмак беришга уринади. Лекин Покистон армияси ҳукуматдан мустақил яшаб келаëтган Вазиристон минтақасига қўшин юборишга ботина олмайди, деб ўйлайман”, - деди Хорун Рашид.

Шундай қилиб, Жанубий Вазиристонда ЎИҲ жангариларининг маҳаллий қабила вакиллари билан беш кун давом этган қонли тўқнашувлари ҳозирча тўхтатилган. Бу сулҳ қанча давом этади, томонлар узоқ муддатли муросага эришадими ëки қонли жанглар яна қайта бошланадими, бу тез кунларда аён бўлади.
XS
SM
MD
LG