Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:57

Ўзбек жангарилари боши берк кўчада


“Толибон” ҳаракати раҳбарияти сўнгги бир неча кун давомида Покистоннинг Вазиристон вилоятида шиддатли жанглар олиб борган ўзбек жангариларини Афғонистонга таклиф қилмоқда.

Вазиристондаги тўқнашувлардан сўнг Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари бу ердаги бошпанасидан ажралиши мумкин.

Покистоннинг мазкур минтақасидан келаётган хабарларга кўра, маҳаллий қуролли гуруҳлар хорижий жангариларга минтақани тарк этиш ёки қурол ташлаш шартини қўйган.

Айни пайтда маҳаллий қабилалар “Толибон” ҳамда ЎИҲ жангарилари ўртасида музокаралар ўтаётгани ва ҳатто толиблар ўзбекистонликларга Афғонистонга қайтиб, халқаро кучларига қарши курашни таклиф этаётгани ҳақида айтилмоқда.

Хабарларга қараганда, Вазиристондаги маҳаллий қабилалар вакиллари ва ажнабий жангарилар ўртасидаги тўқнашувларда камида 160 жангари ўлдирилган ва уларнинг аксарияти ўзбеклардир.

Айни пайтда вазиятнинг кейинги ривожи жангариларнинг қандай йўлдан боришига боғлиқ. Агар улар Афғонистонга ўтса, НАТОнинг бу ердаги қўшинлари ва афғон миллий армияси учун қўшимча ташвиш туғдириши мумкин.

НАТО ўзбек жангарилари Афғонистонга таклиф этилганини “толибларнинг тарғиботи”, дея аҳамиятсиз қолдирмоқда. Афғонистондаги халқаро кучлар матбуот вакили Том Коллинз “Озодлик” радиосига Афғонистон ҳудудига ўзбекистонлик жангариларнинг келаётгани юзасидан далиллар йўқлигини билдирди. Шунингдек, у ЎИҲ раҳбари Т.Йўлдош қўлга олингани тўғрисида ўтган ҳафталарда тарқатилган хабарларни ҳам рад этди.

Минтақадаги етакчи таҳлилчи Аҳмад Рашид эса Т.Йўлдош бошчилигидаги жангарилар гуруҳининг айнан Афғонистондаги жангчиларга қўшилишини башорат қилмоқда.

“Бу воқеа нима билан якун топишини ҳозир айтиш мушкул. Аммо пайдо бўлаётан хабарларга кўра, “Толибон” ҳукуматининг собиқ вазири Жалолиддин Афғоний Вазиристонда тўқнашаётган томонлар ўртасида сулҳ юзасидан музокаралар ўтказмоқда. Ҳилманд вилоятидан толиблар қўмондони мулла Дадуллоҳ ҳам бу музокараларга қўшилиши мумкин. Фикримча, Вазиристондаги таранг вазиятни ўнглаш учун ажнабий жангарилар жанубга, яъни Афғонистонга қайтади”, – деди Аҳмад Рашид.

Покистон ҳукумати эса маҳаллий қабилаларни хорижий жангариларга қарши туришга кўндирганини таъкидламоқда. Покистондаги марказий “Daily Mail” газета бош муҳаррири Маҳдум Бабарнинг тахминича, Афғонистон чегараси кучли қўриқланаётгани сабабли жангарилар маҳаллий қабилалар қўйган талабларни бажаришга мажбур бўлади.

“Менимча, бундан буён Покистоннинг бу чегара ҳудудида қолиш бирор хорижий жангчи учун хавфсиз бўлмайди. Улар эртами-кеч қуролсизланишга мажбур бўлади ва қаерни хоҳласа, ўша ёққа кетаверади. Уларнинг Афғонистонга ўтиб кетишига ишонмайман. Айни пайтда чегарани ҳам Покистон ҳарбийлари, ҳам НАТО қўшинлари қўриқлаяпти”, – деди Маҳдум Бабар.

Воқеалар ривожининг яна бир йўналиши ҳам бор.

“Музокаралардан сўнг бугунги кунда жангариларга муросасиз шартлар қўйган маҳаллий гуруҳлар ўз мавқеини юмшатиши ва жангарилар билан адоватни тўхтатиши мумкин, - дейди “Рейтер” ахборот агентлигининг Покистондаги мухбири Роберт Бирсел. - Тинчлик ўрнатиш учун асос йўқ эмас. Эҳтимол улар қабилалар билан бу ерда тинч яшаш бўйича келишувга эришади. Йиллар давомида ажнабий жангчилар маҳаллий қабила аёлларига уйланиб, оилалар қуриб, маҳаллийлар билан аралашишга улгурган”.

Ўзбекистон жангчиларида ўзини Покистон ҳукумати қўлига топшириш ихтиёри ҳам бор. Покистон уларни судга тортмасдан, Ватанига экстрадиция қилишга ваъда бермоқда. Ватанда эса улар учун узоқ йиллик қамоқ жазолари муқаррар.
XS
SM
MD
LG