Линклар

Навбат “Немис тўлқини”га...ми?

  • Барно Анвар

“Немис тўлқини” радиосининг Тошкентдаги ҳамкори Наталья Бушуева солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва даромадни яшириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида аккредитациясиз фаолият олиб боришда айбланиб, устидан жиноят иши очилди.

Айни вақтда Н.Бушуеванинг қаердалиги номаълум. Яқинлари у сўнгги бор прокуратурага чақирилгандан кейин хавотирга тушиб, уйдан чиқиб кетганини айтмоқда.

“У қамоққа тиқиб қўйилишидан қўрқиб, қайсидир ўртоқлариникида яшириниб юрибди. Балки бошқа давлатга ҳам чиқиб кетгандир, мен буни билмайман, икки кундан буён уни кўрганим йўқ. У вақтида солиқларни тўлар эди, булар эса ундан яна пул олмоқчи бўлди. Ўзбекистонда ҳукуматни биласиз-ку, ҳеч нарсасиз икки қизни — Умида Ниёзова ва яна бир бир аёлни қамаб қўйди. Шунинг учун жуда хавотирдаман”, - дейди журналистнинг онаси Мария Толмачова.

Бундан бир ҳафта олдин “Озодлик” мухбири билан гаплашган Н.Бушуева айни пайтда Тошкент шаҳри прокуратураси унинг ишини кўриб чиқаётгани ва терговга қадар текширув жараёни бораётгани ҳақида айтган эди.

“Улар терговга қадар суриштирув ишлари бораётгани ва мен тахминан 3 минг доллар миқдорда яна қўшимча солиқ тўлашим кераклигини айтди. Ҳозирча билмайман, 3 минг долларни тўлаш билан иш битадими ёки жиноят иши қўзғатиладими, бир нарса дейиш қийин”, - деган эди Н.Бушуева.

Шунингдек, у шу вақтгача бирор марта солиқ идорасига чақирилмагани ва солиқдан 3 минг доллар қарз эканини прокуратурадан билганини ҳам гапирганди.

Айни вақтда “Немис тўлқини” радиосининг Ўзбекистондаги бўлими ҳам аккредитациясиз фаолият юритишда айбланмоқда ва унинг раҳбари Юрий Черногаев устидан ҳам жиноят иши қўзғатилган. Шу туфайли “Немис тўлқини” радиосининг Ўзбекистондаги яна икки ҳамкори – Сайёра Рўзиқулова ва Обид Шабановнинг иши ҳам терговга қадар суриштирув жараёнида экани айтилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова “Немис тўлқини” мухбирлари, хусусан, Н.Бушуева иши борасида ҳеч қандай ахборотга эга эмаслигини билдирди.

Ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков фикрича, “Немис тўлқини” радиоси мухбирлари билан содир бўлаётган вазият, шубҳасиз, сиёсий сабабга эга ва бу прокуратура ва солиқ идораларининг нодонлигини яна бир карра исботловчи ҳолдир.

“Бу, шубҳасиз, Н.Бушуева фаолиятини тўхтатиш учун баҳона. Акс ҳолда нима учун солиқ идораси беш йилдан буён бу ҳақда лом-лим демади-ю, мана бугун уни жазога тортмоқчи? Бутун дунёга ваҳима солаётган ва бошқа журналистларни қўрқитишга уринаётган Ўзбекистон прокуратураси, солиқ идоралари бу билан ўзининг ўта нодонлигини кўрсатмоқда, холос”, - дейди С.Ежков.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ғарблик ҳамкорлари билан муносабатлари эндигина ўнгланиб турган бир пайтда “Немис тўлқини” радиоси мухбирларига қарши ҳаракат бошланиши ўз бошига ўзи ғалва орттиришдир.

“Ўзбекистон ўзи учун сунъий равишда халқаро миқёсда жанжал бошлади. Нодон амалдорлар бу ҳаракати билан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйини бундан бадтар туширадиган бўлди. Бу билан журналистларни қўрқитиш нияти ҳам асоссиз, чунки мамлакатда ўз номи билан ҳақ гапни ёзаётган бирорта журналист қолгани йўқ”, - деди С.Ежков.

Ўзбекистонда хорижий оммавий ахборот воситаси учун ишлаган яна бир журналист устидан жиноят иши қўзғатилгани юзасидан халқаро ташкилотлар чуқур хавотир билдирмоқда.

Хусусан, “Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича масъули Элза Видал: “Ташкилотимиз Ўзбекистонда “Немис тўлқини” радиоси мухбирига нисбатан жиноят иши қўзғатилганидан чуқур хавотирда. Ҳозирча бизда бу борада тўлиқ маълумотлар йўқ. Аммо Ўзбекистонда сўз эркинлиги вазияти ва сўз эркинлиги учун курашган журналистларнинг аҳволи 2005 йил Андижон исёнидан буён жуда-жуда оғир экани ва кундан кун ёмонлашиб бораётганини биламиз”, - деди.
XS
SM
MD
LG