Линклар

Тожиклар билан ҳам муаммо бор


Шерзод Юсуф Қирғизистон парламентида мамлакатнинг Тожикистон билан боғлиқ муаммолари кўрилди. Депутатларнинг таъкидлашича, Қирғизистоннинг минг гектардан ортиқ ери Тожикистон фуқаролари томонидан эгаллаб олинган.

Қирғизистон парламенти депутати Орзубек Бурхоновнинг билдиришича, Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида ер талаш авж олмоқда. Тожик фуқаролари Қирғизистонга тегишли минг гектарга яқин ерни ноқонуний тарзда эгаллаб олган.

“Тожикистон билан чегарадош ҳудудларимизда Тожикистон фуқаролари уй сотиб олиб, экин-тикин қилиб, секин-аста Қирғизистонга тегишли ерларни эгаллаб келмоқда. Бу эса аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Тожикистон фуқаролари Қирғизистоннинг биргина Боткен туманида минг гектарга яқин ерни эгаллаб олган. У ердан Тожикистон фуқароларини ҳайдаб чиқаришнинг иложи бўлмаяпти. Чунки чегаранинг Тожикистон томонида 70 милиция ходими ишласа, Қирғизистон ҳудудида улар 7 та. Ҳукумат тез кунларда ўз чегараларини аниқлаши, чегарадош ҳудудларда милиция сонини кўпайтириши керак. Акс ҳолда бу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида қон тўкилиши мумкин”, - деди Орзубек Бурхонов.

Боткен вилояти маъмурияти вакили Тоштемир Эшалиевнинг айтишича, ёз келиши билан Тожикистон фуқароларининг Қирғизистон ерларини эгаллаб олиш хавфи кучаяди.

“Чегарадош ҳудудларда муаммолар кўпаймоқда. Делимитация, демаркация ишлари бошланди. Бу ишларни тоғли жойлардан эмас, талаш - тортиш бўлаётган жойлардан бошлаш керак. Чунки ёз фаслида биз жуда қийналамиз. Тожикистон томонидан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳоллари кўп учрайди”, - деди Тоштемир Эшалиев.

Қирғизистон -Тожикистон чегараларини аниқлаш ишлари, асосан, тоғли ҳудудларда олиб борилмоқда. Муаммоларга бой бўлган бу ҳудудлар борасида эса тарафлар шу пайтгача бир фикрга кела олмаяпти. Айрим кузатувчилар шу сабабли ҳам талаш тортиш бўлаётган ҳудудларда чегарани аниқлаш ишлари яна бир неча йилга чўзилиши мумкинлигини айтмоқда.

Қирғиз парламенти депутати Асқар Шодиев бундай вазиятда Қирғизистон қўшни мамлакатлар билан келишган ҳолда сиёсий қарор қабул қилиши кераклигини айтади.

“Ҳукумат ва мамлакат рахбарлари даражасида сиёсий қарор қабул қилиниши лозим. Биз бу масалани бир неча бор кўтариб чиқдик, бироқ ҳукумат тарафидан бунга эътибор қаратилмаётгани ачинарлидир”, - деди Асқар Шодиев.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон билан Тожикистоннинг 50 дан ортиқ ҳудуди баҳсли ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG