Линклар

Телеканал жамоатчиликники бўладими ёки...


Қирғизистон мухолифатининг қаттиқ босими туфайли президент 26 март куни кечга яқин давлат телеканалини жамоатчилик телеканалига айлантириш тўғрисидаги фармонни имзолашга мажбур бўлди.

Қирғизистон давлат телеканалини жамоатчилик телевидениесига айлантириш масаласи 2005 йил 24 мартида содир бўлган инқилоб талабларидан бири эди. Бироқ президент Қурманбек Бақиев икки йилдан буён бу талабни бажармай келди. Президент ўтган йили Қирғизистон давлат телеканалини жамоатчилик каналига айлантириш тўғрисидаги қонунга ҳам вето қўйган эди.

Бугунги кунда давлат миллий телеканалида “Очиқ Қирғизистон”, “Бешинчи довон”, “Унғайсиз саволлар” каби бир неча кўрсатув мавжуд. Уларда мухолифат, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этади ва ўз фикрларини эркин билдира олади. Бироқ Қирғизистон мухолифати ҳукумат ўз ихтиёрида бўлган миллий телеканалга босим кўрсатиши ва республикадаги вазиятни нохолис ёритилишига туртки бериши мумкинлигини даъво қилмоқда ва кўп минг кишилик намойишларда давлат телеканалини жамоатчилик каналига айлантириш талабини қўйиб келмоқда. Мухолифат томонидан 11 апрелдан бошлаб ўтказилиши режалаштирилган муддатсиз намойиш талабларидан бири ҳам мана шу эди.

26 март куни кечга яқин Қирғизистон президенти мухолифатнинг бу талабини инобатга олиб, давлат телеканалини жамоатчилик телеканалига айлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

“Мамлакатдаги барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида мана шундай сиёсий қарор қабул қилинди”, -деди миллий телеканал раҳбари Қияз Молдоқосимов.

Мухолифатдаги сиёсатчи Тоирбек Сарпашевнинг “Озодлик” радиосига билдиришича, ўтган ҳафтада мухолифат лидерларидан бири бўлган Олмос Отамбоев Қирғизистон президентига мухолифат талабларини топширган. Талаблар орасида давлат телеканали масаласи ҳам бор бўлган.

“Президентга топширилган талабнома бандларидан бирида давлат телеканалини жамоатчилик телеканалига айлантириш тўғрисидаги қонунни имзолаш талаб қилинган эди. Президент мана шу талабни бажарди ва бу орқали мухолифат билан муросага бориш йўлини қидирмоқда, деб ўйлайман”, - деди Т.Сарпашев.

Қирғизистон президентининг парламентдаги вакили Қанибек Жўраев президент бу фармонни мухолифат босими остида имзолади, деган фикрларга қўшилмаслигини таъкидлади.

“Президент ҳеч қачон ислоҳотларга қарши бўлмаган ва бу ҳақда айтмаган. Бугунги фармон ҳам бунинг ёрқин далилидир. Бу фармон мухолифат босими билангина имзоланди, дейишлик хато бўлар эди”, - деди Қ.Жўраев.

Жамоатчилик телеканали тўғрисидаги ҳужжатга кўра, бундан буён миллий телеканални 15 кишидан иборат жамоатчилик кенгаши бошқаради. Бу кенгаш мамлакат парламенти томонидан тасдиқланади. Кенгаш аъзоларидан 5 нафари президент, 5 нафари парламент ва 5 нафари нодавлат ташкилотлар вакиллари бўлади. Жамоатчилик кенгаши аъзолари давлат хизматчилари, парламент депутатлари, сиёсий партиялар лидерлари бўла олмайди.

Депутат Мелис Эшимканов фикрича, Қ.Бақиев жамоатчилик кенгаши вакиллари ўзига мойил шахслардан таркиб топиши учун ҳаракат қилади.

“Жамоатчилик кенгашининг 15 аъзоси президентга мойил одамлардан иборат бўлиб қолиши ҳам мумкин. Бунинг учун президент парламентдаги тарафдорларини ишга солади ва уларнинг қўллови остида ўзига мойил кишиларни жамоатчилик кенгашига олиб киради”, - деб ҳисоблайди депутат.
XS
SM
MD
LG