Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:05

Депутат хоним ўзбек ОАВсининг ёлғонларидан ҳайратда


Ўзбек оммавий ахборот воситалари Европарламент депутати Элизабет Йеггле Тошкент режими ҳақида маддоҳона гаплар айтгани ҳақида тарқатган хабарлари хонимнинг ўзини ҳайратга солди.

Расмий Тошкент Европа Иттифоқи парламент делегациясининг Наврўз пайтидаги ташрифидан пиар мақсадида фойдалангани кузатилмоқда.

Президент Ислом Каримовнинг Европадан келган делегация азолари қатнашган Наврўз байрамидаги рақси ҳам ëқимли таассурот қолдириш илинжида қилингани айтилмоқда.

Ўзбек газеталари эса Европарламент делегатларининг Ўзбекистон ҳақидаги илиқ таассуротлари ҳақида ëзмоқда.

“Андижоннома” газетаси Андижонга ташриф буюрган венгриялик депутатнинг ўзбек раққосларига қўшиб муқом қилганини ëзади.

Делегация аъзоларидан бири, Европарламентнинг германиялик депутати Элизабет Йеггле “Жаҳон” ахборот агентлигига интервью бериб, Европарламент депутатларининг ташрифи муваффақиятли ўтганидан гапирган.

Бироқ бу интервьюда германиялик депутат хоним ўзбек мулозимлари билан инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида гапиргани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

“Бизнинг инсон ҳуқуқлари ҳақида гапиришимиз табиий эди. Биз Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини олдиндан билар эдик. Қўлимизда қамоқда ëтган сиëсий маҳбуслар рўйхати бор эди. Бу рўйхатни биз мезбонларга бердик”, - деди “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган депутат Элизабет Йеггле.

У ўзбекча тушунмаслиги сабабли “Жаҳон”да ва “Андижоннома” газеталарида чоп этилган гаплардан хабари йўқлигини билдирди. Айни пайтда Йеггле хоним Ўзбекистон манзаралари, урф-одатлари ҳақида мақтовли гап айтиш ҳали ҳукуматни мақташ эмаслигини таъкидлади.

Йеггле хоним Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлгани ва ҳар сафар бу мамлакат табиати ва аҳолининг меҳмондўстлигидан қойил қолганини айтади.

“1999 йилдан бери мен бир неча бор Ўзбекистонда бўлганман. Нафақат расмийларнинг гапларини, балки кўча-кўйдаги одамларнинг дардларини ҳам эшитганман”, - дейди Э.Йеггле.

Ўзбекистонга Европарламент делегацияси таркибида борган Йеггле хоним Германия Христиан демократик партияси вакиласидир.

Ўтган сайловда Германия ташқи сиëсатини яшиллар партияси вакили бошқарган эди.

Германия Яшиллар партияси фаоли Еккеҳард Мааснинг таъкидлашича, Европарламент делегацияси вакиллари меҳмондўстлик шаклидаги рушватларга учмаслиги ва улар инсон ҳуқуқлар масаласини дипломатик мулозаматлардан холи, аниқ шаклда билдириши керак эди.

“Европарламент делегатлари ўзбек заминига оëқ босишдан, тўкин дастурхонлар атрофига ўтиришдан олдин бу мамлакатдаги вазиятни обдон ўрганса, яхши бўлар эди. Қуюқ зиëфатдан кейин мезбонлар танқид қилиш одобдан бўлмайди”, - деди Е.Маас ва бундай делегациялар таркибида собиқ совет мамлакатларига тез-тез сафар қилган яшиллар партияси вакили меҳмондўстлик, деб аталган тадбир остида манфаатлар тўри ëтганини айтади. - Кавказда кабоб ва шароб тўлдирилган ҳўкиз шохи, Россияда ароқ ва увилдириқ, Ўзбекистонда эса буларнинг ҳаммаси. Эгнингизга шарқона тўн ҳам кийгизишади. Сиз эса раҳмат, дейсиз. Булар эса раҳматингизни эртасигаëқ газетада босиб чиқаради. Бу ҳолатнинг илдизи коммунизм даврига бориб тақалади”.

Германия Яшилар партияси вакили айтганидек, Андижонга борган Европарламент делегацияси вакилларининг ҳайрату раҳматлари газетада ëзилди. “Андижоннома газетаси Европарламентнинг венгриялик депутати Олайос сўзларидан иқтибос келтиради.

“Халқ оҳанглари шу қадар ўзига тортдики, мен ўзимни рақсга тушишдан тия олмадим”, - деган депутат.

“Қалин тупроқ остида ëтган осори-атиқаларни археологлар сезгани каби сиëсатчилар ҳам бу ўйин-кулгилар остига яширинган ҳақиқий аҳволни билиши керак эди,- дейди Яшиллар партияси фаоли Е.Маас. - Шарқ нозик бўлади, аҳвол баландпарвоз гаплар, қоғоз гуллар, мақом ва қўшиқлардангина иборат эмаслигини билиш учун бироз фаросат етишмаяпти сиëсатчи ҳамкасбларимда”.

“Андижоннома” газетасида ëзилишича, Европарламент депутатлари Андижоннинг “Узум” бозорида оддий халқ вакиллари билан суҳбатлашган. Ғарблик меҳмонлар билан суҳбатда аҳоли вакиллари ҳаëтдан мамнун эканини билдирган.

Андижонликлар бу ҳолатнинг олдиндан тайёрланган томоша эканини ҳам билади.

“Телевидениеда гапирилди. Европарламент делегатлари халқ вакиллари билан учрашгани ҳақида айтилди. Аммо одий халқ вакиллари у ерга яқинлаштирилмади, фақат телевизордан кўрдик”, - дейди андижонликлардан бири.

Андижонда ҳаëт Европарламент вакилларига кўрсатилганидан бошқача эканини оддий андижонликлардан бири секингина бўлса-да, айтмоқда

“Халқнинг аҳволи яхши, десам ëлғон гапириб, гуноҳга ботган бўламан. Мақтайдиган жойимиз йўқ”, - дейди андижонлик.

Европарламент аъзолари сафардан қайтиб, Брюссель ва Страсбургдаги кабинетларидаги ором курсиларга чўзилади. Ўзбекистонда совға қилинган дўппиларни балки токчаларига безак учун қўяди. Ўзбекистондаги сиëсий вазият ҳақида дўппини ерга олиб қўйиб ўйланадиган вақт Европа сиëсатчилари учун қачон келади, деган савол ҳали жавобсиз.
XS
SM
MD
LG