Линклар

“Немис тўлқини” ўз ҳамкорларини ҳимоя қилишга тайёр

  • Ҳурмат Бобожон

“Немис тўлқини” телерадиокомпанияси бош директори Эрик Беттерман Ўзбекистонда бу муассасанинг мустақил ходимлари тазйиқларга дучор бўлаётгани юзасидан норозилик билдирди.

“Бош директоримиз Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда матбуот ва фикр эркинлигини таъминлаш борасида халқаро мажбуриятларни зиммасига олганини эсга солиб, Ўзбекистон ҳукуматидан бу мажбуриятларига жиддий ёндашиш ва мустақил журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилмасликни талаб этди”, - деди “Немис тўлқини” радиосининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари ўринбосари Александр Варкентин.

23 март куни Тошкент шаҳри прокуратураси “Немис тўлқини” радиосининг мухбири сифатида Ўзбекистонда беш йилдан бери ишлаб келаётган Наталья Бушуевага қарши Жиноят кодексининг 184-моддаси (даромадларни яширганлик ва солиқларни тўламаганлик) бўйича жиноят иши қўзғаган эди.

А.Варкентин прокуратуранинг бу иддаолари асоссиз экани ва бундан кўзланган асл мақсад журналистни қўрқитиш ва унга босим қилиш эканини айтади.

“Н.Бушуева қўлида Германияда солиқ тўлагани ҳақида ҳамма ҳужжатлар бор. Маълумки, Германия ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама солиқдан воз кечиш тўғрисида битим имзоланган. Бу ерда Германия ва Ўзбекистон қонунлари билан боғлиқ қандай тушунмовчилик юзага келганини ҳуқуқшунос бўлмаганим учун изоҳлашга ожизман. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, булар майда-чуйда нарсалар, бир пасда ҳал қилиш мумкин бўлган бир тушунмовчилик. Чунки Н.Бушуева ҳам, бошқа мухбирларимиз ҳам бу масалада доим прокуратура билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Гап шундаки, улар прокуратурага гувоҳ сифатида чақиртирилган. Аслида эса улар ўз фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан сўроқ қилинган. Охир-оқибат уларга жиноят иши қўзғатилиши мумкинлиги борасида пўписа қилинган”, - деди А.Варкентин.

Унинг айтишича, прокуратура Н.Бушуевани 3 миллион сўм миқдордаги солиқни тўлашдан бош тортганликда айбламоқда.

Н.Бушуевага қарши босим илк маротаба бўлаётгани йўқ. Уни хорижий мухбир сифатидаги аккредитациясидан маҳрум қилишганда Н.Бушуева судга ариза беришга ва бу қарор устидан шикоят қилишга уринган. Ўша пайтда номаълум кишилар Наталья номидан “арзонга уй сотаман” ва “жинсий хизматлар кўрсатаман” қабилидаги эълонларни бутун Тошкент бўйлаб ёпиштириб чиққан эди.

А.Варкентиннинг айтишича, радионинг бошқа мухбирлари ҳам сиқувга олинган.

“Сиқувга олишлар, таъқиблар Юрий Черногаев ва Ўзбекистонда фаолият юритган бошқа журналистларни ҳам четлаб ўтмади. Ўзбекистонда беш мустақил ходимимиз бор ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмаяпти, барига нисбатан босим бўляпти”, - деди А.Варкентин.

Журналистлар фикрича, аккредитациядан ўтмай фаолият олиб боришни тақиқлаш Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга хилофдир.

Қолаверса, А.Варкентиннинг айтишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи “Немис тўлқини” мухбирларига аккредитация беришни пайсалга солиб келган.

“Аккредитация олиш анчадан бери чўзиб келинди. Бунинг учун лозим бўлган барча ҳужжатларни бир неча бор тақдим этдик. Лекин Ўзбекистон томони аккредитация бериш илтимосимизга жавоб бермасдан, бу ишни чўзиб келди. Энди эса мухбирларимизни аккредитациясиз ишлаганликда айбламоқда”, - дейди А.Варкентин.

Андижон воқеаларидан сўнг ҳукуматнинг турли тазйиқлари ортидан “Озодлик” ва “Би-Би-Си” радиолари мамлакатда ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган эди. Кузатувчилар “Немис тўлқини” мухбирига нисбатан очилган жиноят иши мамлакат ичкарисида қолган саноқли мустақил журналистларнинг фаолиятига чек қўйишга қаратилганини айтмоқда. Аммо “Немис тўлқини” радиоси раҳбарияти ўз мухбирлари хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар нарсага тайёр.

“Улар бизнинг мустақил ходимларимиз. Улар “Немис тўлқини” билан ҳамкорлик қилган ва биз уларнинг хавфсизлиги учун масъулмиз. Шу боис, “Немис тўлқини” директоридан тортиб барчамиз уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қўлдан келган ишни қиламиз”, - деди А.Варкентин.
XS
SM
MD
LG