Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:13

Қурманбек Бақиев мухолифатдан қўрқяптими?


28 март куни Қирғизистон бош вазири Азимбек Исабеков ҳукуматнинг етти аъзоси истеъфога чиққанини маълум қилди. Мухолифат бу қарорни президент Қурманбек Бақиевнинг “ваҳимага тушиб қолгани” билан изоҳламоқда.

Қирғизистон мухолифати бирлашган фронтига раҳбарлик қилаётган Феликс Кулов мамлакатда 11 апрелдан бошлаб муддатсиз норозилик митинглари бошланишини эълон қилар экан: “Бу норозилик оқибатида Қ.Бақиев истеъфо беришга мажбур бўлади”, - деган эди. Ҳозир бир неча партия ва сиёсий ҳаракатлар “Бирлашган фронт” уюштирадиган норозилик намойишларига қўшилишини билдирди. Қирғизистондаги энг салоҳиятли “Ислоҳотлар учун” ҳаракати эса ҳозирча президент билан музокараларни давом эттирмоқчи.

“Агар президент ислоҳотларни бошламаса, бизнинг ҳаракатимиз “Бирлашган фронт” ташаббусига қўшилади. Биз бешинчи апрелгача президент билан музокаралар олиб борамиз. Шу музокаралар натижасига қараб ўз позициямизни белгилаймиз”, - деди “Ислоҳотлар учун” ҳаракати раҳбарларидан бири Асия Сасиқбоева.

Ҳаракат раҳбарияти айни пайтда президент мухолифатнинг айрим талабларини бажараётганини, масалан, ҳукуматнинг 7 аъзоси истеъфога чиққанини айтаётир. Бош вазир эса бу вазирлар ўрнига сиёсий партиялар вакиллари тайинланишини билдирган.

Бироқ Қирғизистон халқ ҳаракати бундай қадамлар етарли эмас, деб ҳисоблайди. Халқ ҳаракати йиғилишида Қирғизистон шу кунларда фуқаролар урушига яқинлашиб қолганидан ташвиш билдирилди.

“Агар президент тез орада талаб қилинган ислоҳотларни қатъийлик билан бошлаб юборса, халқнинг асосий қисми фронтчиларга қўшилмайди. Бугунги куннинг долзарб масаласи Қирғизистонни фуқаролар урушидан сақлаб қолишдир”, - деди ҳаракат раҳбарларидан бири Тўпчибек Турғуналиев.

Қирғизистон президентининг ҳамшаҳарлари бўлмиш жалолободликлар эса мухолифатга қарши туришга тайёр эканини билдирмоқда. Жалолободликлар махсус йиғилиш ўтказиб, мухолифатни юрт тинчлигини бузмасликка чақирди.

“Агар мухолифат чақириғимизга жавоб бермаса, ўз фикридан қайтмаса, биз президентни ҳимоя қилишга чиқамиз. Бу ҳаракатимизга жалолободлик ёшлар ҳам қўшилишини билдирмоқда”, - деди Жалолобод вилояти аёллар кенгаши раисаси Айчурек Абулқосимова.

Мухолифат вакилларининг маълум қилишича, “Бирлашган фронт” томонидан уюштирилажак намойишларнинг олдини олиш мақсадида Ўш вилоятида ҳукумат турли таъқибларни бошлаб юборган.

“КечаЎзганда, кейинроқ эса Жалолободдаги одамларимизни қўлга олишга ҳаракатлар бўлди. Ўшда эса “Бирлашган фронт”нинг ҳеч қандай бўлинмаси йўқ, бунга рухсат берилмаган, дея фаолиятимизга тўсқинлик қилишга ҳаракат бўлмоқда”, - деди “Бирлашган фронт”нинг Қирғизистон жанубидаги вакили Зайнобиддин Имяминов.

Қирғизистон сиёсий беқарорлик даврини бошдан кечираётгани маҳаллий таҳлилчиларда ҳам ташвиш уйғотмай қолмаяпти. Улар фикрича, бундай ҳолат фуқаролар урушига сабаб бўлмаса ҳам мамлакат барқарорлигига путур етказади.

Таҳлилчилар президент Қ.Бақиев бундай ҳалокатнинг олдини олиш учун мухолифат билан муросага келиши ва ислоҳотларни қатъийлик билан амалга ошириши зарурлигини айтмоқда.

“Энг аввало, тизимни ўзгартириш керак. Агар бу авторитар тизимга Ф.Қуловни президент этиб сайласак ҳам шундай келишмовчиликлар келиб чиқаверади. Шунинг учун Қирғизистон парламент бошқарувига ёки, ҳеч бўлмаганда, парламент-президентлик бошқарув тизимига ўтиши лозим”, - дейди сиёсатшунос Ўрозбек Молдалиев.
XS
SM
MD
LG