Линклар

Н.Бушуеванинг ҳимоячилари кўпаймоқда

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон прокуратураси томонидан устидан жиноят иши қўзғатилгандан буён қаерда экани номаълум бўлиб турган журналист Наталья Бушуева аллақачон мамлакатни тарк этгани маълум бўлди.

“Немис тўлқини” радиосининг солиқ тўламаслик ва даромадини яширишда айбланаётган ҳамкори Н.Бушуева айни пайтда чет элда эканини унинг онаси Мария Толмачёва “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтди.

“У аллақачон чет элга чиқиб кетди. Қамоққа тушиб қолишдан қўрқди. Қолаверса, менинг ҳам соғлиғим яхши эмас. Қизимнинг қамоққа тушишини кўтара олмаган бўлардим”, - деди М.Толмачёва.

У қизи Тошкентдаги дугонасига телефон қилиб турганини билдирди.

“Менга телефон қилгани йўқ. Уйга телефон қилишга қўрқяпти. Телефонларимизни эшитишяптида”, - деди М.Толмачёва.

Бундан икки кун олдин прокуратура ходимлари Н.Бушуева яшайдиган хонадонга чақирув қоғози ташлаб кетган. М.Толмачёва бу чақирув қоғозини кўриб эсанкираб қолганини айтади.

“Терговга чақирув қоғозини жўнатишди. Жиноят иши очилди. Жиноятчи дейишмоқда. Нима учун? Виждонан ишлагани учунми?” - дейди она.

Н.Бушуеванинг дугонаси прокуратура ходимларидан кекса ва хаста онахонни безовта қилмасликларини сўраган.

“Қизимнинг дугонаси кеча прокуратурага бориб, нега сизлар чақирув қоғози йўллаб касал онахонни безовта қиляпсизлар, деб айтибди. Онаси оғир касал, бунинг устига кўзи ожиз, сизларда инсоф борми, дебди. Улар эса чурқ этмабди”, - деди М.Толмачёва.

“Немис тўлқини” радиосининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари ўринбосари Александр Варкентин Н.Бушуевага қўйилаётган айблар асоссизлиги, бундан кўзланган асл мақсад журналистни қўрқитиб қўйиш ва унга босим ўтказиш эканини таъкидлади.

“Н.Бушуева қўлида Германияда солиқ тўлагани ҳақида ҳамма ҳужжатлар бор. Маълумки, Германия ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама солиқдан воз кечиш тўғрисида битим имзоланган”, - деди А.Варкентин.

Айни пайтда сўз эркинлиги ҳимояси билан шуғулланувчи айрим ташкилотлар Н.Бушуевани ҳимоя қилиб чиқмоқда. Масалан, Германиядаги “Евраэйшан транзийшэн груп” Н.Бушуевга тазйиқлар бўлаëтганини қоралади.

“Немис тўлқини” радиосининг Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан ишловчи ходими Виталий Волков Н.Бушуевани ҳимоя қилаëтган ташкилотлар кўпайиб бораëтганини билдирди.

“Кеча “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти баëнот берди. “Немис тўлқини” раҳбарияти ҳам кескин баëнот билан чиқди. Бугун эса бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам Н.Бушуевани ҳимоя қилиб, Остонада учрашув ўтказаëтган Европа Иттифоқи мулозимларига мурожаат билан чиқди”, - деди В.Волков ва радио ўз ҳамкорини Ўзбекистон ҳукумати тазйиқларидан ҳимоя қилишда давом этишини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG