Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:08

Мажлисларда барака бор, амалий ишда эса...


Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Минтақавий аксилтеррор тузилма кенгашининг навбатдаги мажлиси бошланди. Унда ШҲТга аъзо давлатларнинг барчасидан вакиллар иштирок этмоқда.

Учрашув кун тартибидан аксилтеррор тузилма фаолияти самарадорлигини таъминлаш ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудидаги хавфсизлик вазиятига оид масалалар ўрин олган.

Мажлисдан олдин Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Сергей Смирнов аксилтеррор тузилма халқаро террорчиликка қарши курашишда амалий механизмга айланаётганини таъкидлади.

Бироқ тузилма ташкил этилганига қарийб уч йил бўлганига қарамай, эълон қилинган вазифа ва мақсадларга эришишда Тошкентда тез-тез ўтказиб туриладиган мажлислардан бошқа қандай амалий ишлар бажарилаётгани қоронғу қолмоқда.

Москвадаги МДҲ институти Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин ҳозирча мазкур тузилмадан минтақадаги барқарорликни таъминлаш борасида қандайдир амалий натижаларни кутишга бироз эрталигини айтди.

“Шу пайтгача тузилма ичида бошқарувнинг маъмурий органларини ташкил этиш, турли техник жиҳатларни келишиб олиш каби жараёнлар кетаётганди. Бу жараён бугун ҳам давом этмоқда ва менимча, уни тугатиш учун ҳали анча қовун пишиғи бор. Чунки ШҲТга аъзо давлатларнинг қонунлари кўп ҳолларда бир-бирига зид келаётганини кўриш мумкин”, - деди А.Грозин.

Шунга қарамай, унинг қўшимча қилишича, агар бу жараён тўғри йўлга қўйилса, келажакда аксилтеррор тузилманинг минтақадаги барқарорликка ҳисса қўша оладиган самарали механизмга айланиши эҳтимоли йўқ эмас.

Лондонда Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Юрий Фёдоров ШҲТнинг ўзи халқаро бирлашма сифатида жаҳон сиёсий майдонида жиддий ўринни эгаллаб улгурмагани шароитида унинг ҳузурида ташкил этилган тузилмадан бирор амалий натижа кутиш қийин, деган фикрда.

“Назаримда, ШҲТ бугун давлат етакчилари учрашиб, нутқ сўзлаши ва ҳеч қандай амалий кучга эга бўлмаган қарорларни қабул қилиши учун бир форум ролини ўйнайди. Умуман олганда, ШҲТнинг жаҳон сиёсатидаги мавқеи бугунги кунда анча бўрттириб кўрсатилмоқда. Минтақавий аксилтеррор тузилма эса ШҲТ доирасида ишлаётган ягона муассасадир, лекин у ҳозирча ўз олдига қўйган вазифаларни бажаряптими ва умуман бажаришга қодирми, бу савол остида қолмоқда”, - дейди Ю.Фёдоров.

Аксилтеррор тузилма кенгашининг 9-мажлисида ташкилий маъмурий масалалардан ташқари қўшни Афғонистонда исломий жангариларнинг фаоллашиб қолгани билан боғлиқ вазият ҳам кўриб чиқилиши айтилмоқда.

“Минтақавий хавфсизлик вазияти ШҲТга аъзо мамлакатларни жиддий хавотирлантирмоқда. Толибларнинг баҳорда бошланиши кўпдан бери эълон қилинаётган ҳужуми аллақачон Марказий Осиё ҳукуматларининг хавотирларига сабаб бўлмоқда. Тошкентда ҳам, Остонада ҳам, айниқса, Душанбе ва Бишкекда Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари “Толибон” ҳужумини қайтар олмаслиги борасида жиддий қўрқув бор”, - дейди москвалик таҳлилчи А.Грозин.

Сўнгги икки ҳафта ичида Покистон жанубида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари маҳаллий қабилалар билан тўқнаш келиб, ҳали ҳам ҳарбий салоҳиятга эга эканини кўрсатди. Боз устига, Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги бу жангарилар “Толибон” ҳаракатига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар Марказий Осиё давлатлари хавотирларига хавотир қўшиши мумкин.

Юрий Фёдоров фикрича, Минтақавий аксилтеррор тузилманинг бундай хавотирларни бартараф этиш механизмлари йўқ.

“Тузилма доирасида ҳозирча ўзаро ахборот алмашиш механизмлари йўлга қўйилган. Бу террорчиликка қарши курашда фойдали механизмлардан биридир, лекин фақатгина ахборот алмашиш билан иш битмайди. Бунда ташкилотга аъзо давлатларнинг манфаатлари бир-биридан жуда фарқ қилади. Шунинг учун бу тузилманинг бугунги кўриниши у ўз олдига қўйган вазифаларни бажаришида ўта самарасиздир”, - дейди Юрий Фёдоров.

Унинг сўзларига кўра, минтақа хавфсизлигига оид хавотирларга Марказий Осиё мамлакатлари аъзо бўлган бошқа ташкилот - Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида жавоб топилиши мумкин. Лекин бу ҳарбий блокнинг ҳам кичик миқёсдаги ҳарбий машқлар ўтказишдан ортиқ тажрибаси йўқ.
XS
SM
MD
LG