Линклар

Эрон телевидениеси Эрон сув ҳудудларига ноқонуний кирганига иқрор бўлган британиялик денгизчиларни намойиш этди.


Бу лавҳада Буюк Британиянинг шу пайтгача ҳибсда сақланиб турган барча 15 ҳарбийси кўрсатилди. Ўзини Натан Томас Саммерс, деб таништирган британиялик ҳарбий: “Биламан, бундай воқеа 2004 йилда ҳам рўй берган. Ўшанда ҳукуматимиз бундай ҳолат қайтарилмаслиги тўғрисида қайта-қайта ваъда берган. Сув ҳудудларингизга кирганимиз учун яна бир бор кечирим сўрайман”, - деди.
Лавҳа намойиш этилгандан сўнг Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Эронни тутқунлардан тарғибот мақсадида фойдаланаётганликда айблади. Буюк Британия бош вазири Тони Блэр эса Эрон ўз ҳаракатларини давом эттираверса, унинг халқаро ҳамжамият томонидан яккалаб қўйилишидан огоҳлантирди.
“Мен Эрон режими бу ишни давом эттираëтганини сира тушунмайман. Буларнинг бари одамлардаги нафратни фақат кучайтиради. Ҳибсга олинган экипаж аъзоларини жамоатчилик олдида намойиш қилиш билан ҳеч кимни лақиллатиб бўлмайди”, - деди Тони Блэр.
Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Ҳавьер Солана ҳам Германияга сафар чоғида Эронни британиялик ҳарбийларни зудлик билан озод этишга чақирди.
XS
SM
MD
LG