Линклар

22-банд даҳшати

  • Абдулла Искандар

“Немис тўлқини” радиосининг Тошкентдаги ҳамкори Наталья Бушуева устидан солиқ тўламаганлик ва аккредитациядан ўтмасдан фаолият юргизиш айби билан жиноят иши очилиши хорижий оммавий ахборот воситаларида ишловчи саноқли маҳаллий журналистни хавотирга солди.

Ўзбекистон конституциясининг 29-моддасида “ҳар ким ўзи истаган ахборотни олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга”лиги белгиланган. Шунингдек, журналистик фаолиятни конституциядан бошқа яна тўртта қонун ҳам кафолатлайди. ОАВ эркинлиги тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасида “ҳар ким ОАВда чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баëн қилиш ҳуқуқига эга”лиги айтилган. Яъни Ўзбекистонда ҳамма эркин фикр айтиши мумкинлиги қонунлар билан кафолатланган.

Аммо Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 февралдаги қарори ҳамманинг эркин фикр билдириши йўлига тўғон қўйди. Хориж журналистларининг касбий фаолиятини мувоофиқлаштиришга қаратилган бу ҳужжат мазмунан ОАВга оид қонунларга ва конституцияга зид келади.

Қарорнинг 22-бандида Ўзбекистон фуқароларининг аккредитация олмасдан хорижий ОАВларда ишлаши жиноят экани ва бунинг учун жавобгарлик кўзда тутилгани таъкидланади.

Бу қарор Андижон воқеаларидан кейин президент Ислом Каримов Ғарб ОАВларини ахборот уруши очганликда айблаганидан сўнг қабул қилинган.

Қарорнинг қонун ва конституциядан устун бўла олмаслигини билган журналистлар, жумладан, Н.Бушуева ҳам конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб журналистик фаолият юргизди. Аммо бу ҳуқуқ Н.Бушуевани жиноий жавобгарликка тортилишдан асраб қола олмади.

Россиядаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловнинг фикрича, Н.Бушуева ўз фикрини эркин айта олиш ҳуқуқидан фойдаланди ва у гуноҳкор эмас.

“Солиқ масаласига келсак, “Немис тўлқини” раҳбариятининг билдиришича, Н.Бушуева солиқларни Германияда тўлаган, Ўзбекистон ва Германия ўртасида эса икки тарафлама солиқ тортмаслик ҳақида келишув бор. Бу ерда мақсад бошқа, расмий Тошкент ошкора маълумотлар тарқатаëтган мухбирнинг оғзини ëпмоқчи, холос. Ўзбекистонни журналистларсиз мамлакат, деб айтмаган бўлар эдим. Ўзбекистонда жуда кўп журналист бор. Ўзбекистон эркин сўз борасида ўз қонунларини тинимсиз бузаëтган давлатдир”, - дейди О.Панфилов.

О.Панфилов айтганидек, Ўзбекистонда малакали журналистлар кўп ва улар чет эл ОАВлари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Мавжуд тўсиқларга қарамай, журналистик фаолият билан шуғулланаëтган журналистлардан бири ўз жасоратини изоҳлар экан: “Ишни давом эттиришимга эркин хабар бериш иштиëқи биринчи сабаб. Меҳнатингнинг қадр топиши, тузукроқ қалам ҳақи тўланиши омили ҳам муҳим”, - деди.

Унинг сўзларига кўра, Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олиб ишлашнинг имкони йўқ.

“Андижон воқеаларидан кейин мустақил фикрловчи журналистларга аккредитация эшиги ëпилди. Бу темир эшикка бош урсангиз, бошингиз ëрилади, холос”, - дейди журналист.

ТИВдан акрредитация олишга муваффақ бўлмаган журналистлар сони кўпчиликни ташкил этади. “Немис тўлқини” раҳбарияти ҳам аккредитация борасидаги аризаларига ТИВдан 1,5 йилдан буён жавоб олмагани ҳақида айтмоқда.

ТИВ ходими эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бундай иддаолар асоссизлигини таъкидлади. Унинг ишонтиришича, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтиш қийин эмас, мухбирлар аккредитация ҳақидаги қарорнинг 22-моддасини бажарса, кифоя. Бу моддада эса журналистларнинг Ўзбекистон ички ишларига аралашуви тақиқланади.

Олег Панфилов айни қарорнинг бу бандини касб учун тақиқ ҳисоблайди.

“Ўзбек журналистлари бунга қарши ҳамжиҳатлик билан кураш олиб бориши керак. Улар ўз ҳақларини талаб қилмаса, ҳеч бир чет эл ташкилоти уларга самарали ëрдам бера олмайди”, - дейди Олег Панфилов.
XS
SM
MD
LG