Линклар

“Иваново ўзбеклари” муаммоси ҳали ҳам ҳал бўлгани йўқ


“Иваново ўзбеклари” Россияда қочқин мақоми олиб, учинчи мамлакатга чиқиб кетишга рухсат берилишини кутиб турган бир пайтда улар тақдири билан боғлиқ яна бир хавотирли масала пайдо бўлди.

“Регнум” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги келишувга мувофиқ Россия бир ой муқаддам Иваново тергов изоляторидан озод этилган 13 ўзбекни Ўзбекистоннинг рухсатисиз учинчи мамлакатдан чиқариб юбормоқчи эмас.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев бу келишув “Иваново ўзбеклари”га қочқин мақоми берилишига тўсқинлик қила олмаслигини билдирди.

“Қочқин мақоми берилишини сўраб БМТга мурожаат қилган, сиёсий ва диний эътиқоди туфайли қочиб юрган ўзбекистонликларга Россиядан чиқиб кетиш учун Ўзбекистоннинг рухсати керак эмас. Агар қочқинларнинг учинчи мамлакатга кетиши учун Ўзбекистоннинг рухсати керак бўлганида ҳеч ким четга чиқа олмаган бўлар эди. Мен кўп сиёсий қочқинларнинг хорижга чиқиб кетганига гувоҳ бўлганман. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги бу шартноманинг БМТга умуман таъсири йўқ. “Иваново ўзбеклари”нинг учинчи давлатга чиқиб кетиши эҳтимолдан йироқ эмас. Ўзбекистон ёки Росссия уларга бирор тўсқинлик қилгани билан бошланган жараённи тўхтатишнинг имкони йўқ”, - деди Б.Ҳамроев.

Россия ҳукумати “Иваново ўзбеклари”нинг қочқинлик мақоми сўраб берган аризасини рад этган. Бироқ уларнинг учинчи мамлакатга чиқиш учун қочқинлик мақоми берилишини сўраб ёзган аризасини рад қилмади. Бу билан улар қочқинлик мақоми олгунга қадар Россияда вақтинча яшаб туриш имконига эга бўлади.

20 ой давомида Россияда тергов изоляторида ўтирган этник ўзбеклар Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан ҳибсга олинган эди. Ўзбекистон томони уларни Андижон воқеаларини уюштиришга алоқадорлик, терроризм ва қотилликда айблаб келади.

Бироқ Б.Ҳамроев уларнинг ҳеч қандай жиноятчи эмас, балки тижорат билан шуғулланган оддий ўзбек йигитлари эканига ишонади.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Москвадаги ваколатхонаси ҳуқуқшуноси Юрий Бортников “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўз идораси ўзбек қочқинларини бошқа давлатга чиқариб юбориш учун бор имкониятни ишга солаётганини айтади.

“Албатта, биз “Иваново ўзбеклари” тақдирига оид ахборотни мунтазам кузатиб боряпмиз ва бу борада Россия ҳукумати билан доимий мулоқотдамиз. Уларни учинчи мамлакатга чиқариш масаласини имкон қадар тезроқ ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Масала тезда ҳал бўлиши қийин. Бу ерда ўзига хос тартиб-қоидалар бор. Аммо биз уларни Ўзбекистонга бермасликка чақириб келяпмиз”, - деди Ю.Бортников.

Б.Ҳамроев фикрича, “Иваново ўзбеклари”нинг Россияда узоқ муддат қолиши ҳам хавфли. Ўзбекистон ҳукумати уларга нисбатан бирор фитна ўйлаб топиши мумкин.

“Ўзбекистон ҳукумати уларга тишини қайраб турибди. Уларни бутун дунёга жиноятчи қилиб кўрсатиш ниятида эди. Бу мақсади амалга ошмагани учун уларга нисбатан ғаламисона ҳаракатлар қилиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати уларни ҳеч қачон тинч қўймаслиги ҳаммага маълум”, - деди Б.Ҳамроев.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, Россия Бош прокуратураси “Иваново” ўзбекларини юртига экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорини ҳали ҳам бекор қилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG