Линклар

Эрон ҳукуматига тегишли араб тилида чиқадиган телеканал асир олинган Британия денгизчиларининг иккиси туширилган тасвирларни кўрсатди.


Видеода асирларнинг Форс Кўрфази харитаси устида тургани кўрсатилган. Ал-Алам телеканалига кўра, британиялик денгизчилар ўз кемаларининг Эрон сув ҳудудларига қаердан кирганини кўрсатган. Ўзини лейтенант Феликс Кармен, деб таништирган денгизчилардан бири Эрон халқи чегарани бузган Британия денгизчиларидан ғазабланганини тушунишини айтди.
“Ҳа, мен Эрон халқига, сизнинг сув ҳудудларингизга кирганимиздан ғазабланётганингизни яхши тушунишимни айтмоқчиман”, - деди асир олинган денгизчилардан бири.
Британия ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили асир олинган денгизчиларнинг телевидение орқали кўрсатилиши “қабул қилиб бўлмайдиган” ҳолат эканини таъкидлади. Айни пайтда, Британия ўзининг 15 денгизчисини озод қилиш мақсадида Эрон ҳукумати билан “бевосита икки томонлама мулоқот” олиб бораётганини маълум қилди. Британия Мудофаа вазири Дес Браун БиБиСи телеканалига берган интервьюсида Британия мазкур муаммонинг дипломатик йўл билан, иложи борича тезроқ ҳал этилишини исташини айтди. У Эрон томони билан мулоқот қай тарзда олиб борилаётганини ошкор этмади. Айни пайтда, Теҳрон тўғридан-тўғри сўзлашувлар олиб борилаётганини тасдиқлади. Эрон 23 март куни британиялик 15 ҳарбий денгизчини Эрон сув ҳудудларига ноқонуний ўтганликда айблаб ҳибсга олган эди. Британия денгизчилар Ироқ сув ҳудудларида бўлганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG