Линклар

logo-print

Қирғизистондаги қалтис вазият қўшниларини ҳам ташвишлантиради


Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Роза Отунбоева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мамлакатдаги сиёсий вазият, унинг қўшни давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга таъсири борасида ўз қарашларини баён қилди.

Р.Отунбоева бугунги кунда Қирғизистонда, айниқса, пойтахт Бишкекда вазият ўта қалтис эканини таъкидлади.

“Вазият қалтис... Вазият қалтис ва у кундан кунга қалтислашиб бормоқда. Бугунги кунда вазиятни юмшатадиган музокаралар олиб борилмаяпти. “Ягона Қирғизистон” мухолифат ҳаракати коалицион ҳукумат ташкил этмоқда, бироқ “Ислоҳотлар учун” ва “Мухолифат бирлашган фронти” ҳаракатлари янги ҳукуматда иштирок этишдан мутлақо бош тортмоқда. Улар президент Бақиев мамлакатда ислоҳотлар олиб боришга қодир эмас ва шунинг учун у истеъфога кетиши шарт, деган фикрда қатъий турибди. Бишкекда бугун аҳоли жуда ташвишда ва анча асабийлашган. Ҳамма кутилмаган воқеалар хавотирида яшамоқда”, - деди Р.Отунбоева.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон мухолифати ва ҳокимияти ўртасидаги сиёсий зиддият айрим мухолиф партиялар томонидан қўйилган бир қанча талаблар бажарилгани билан ҳам юмшамаяпти. Масалан, президент давлат телеканалини жамоатчилик телеканалига айлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади, коалицион ҳукумат тузилишига рози бўлди. Бироқ мухолифат президентнинг бу ҳаракатларини вақтинчалик қадамлар сифатида баҳолаб, уни ислоҳотлар ўтказишга қодир эмасликда айбламоқда.

11 апрелдан эса мамлакатда мухолифатнинг муддатсиз митинглари бошланади. Мухолифат бу митингларда юз мингдан ортиқ киши иштирок этишини билдиряпти.

Қирғизистонда юзага келган бундай вазият мамлакатнинг яқин қўшнилари Ўзбекистон ва Қозоғистонга қандай таъсир ўтказади?

“Мен Қирғизистондаги вазият қўшниларимизни ташвишга солмоқда, деб ҳисоблайман. Иқтисодий жиҳатдан, энг асосийси, хавфсизлик нуқтаи назаридан ташвишга солмоқда. Қирғизистонда Ўзбекистон хусусий бизнеси ва йириқ қозоқ компаниялари фаолият кўрсатади. Уларнинг қирғиз иқтисодига ётқизган сармоялари анча салмоқли. Бугунги кунда қўшни давлатлар сармоядорлари ўз иқтисодий хавфсизлиги кафолатланмаганидан ташвиш билдирмоқда”, - деди Роза Отунбоева.

У хавфсизлик масаласига ҳам тўхталар экан: “2005 йилдаги Андижон воқеалари қўшни давлатлардаги сиёсий вазият мамлакатлар ичкарисида янги тўлқинларни пайдо қилишини кўрсатди. Қирғизистондаги мухолифат ва ҳокимият орасида пайдо бўлган жуда қалтис сиёсий вазият қўшниларимиз Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам акс садо бериши, қандайдир ички кучларнинг майдонга чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Қирғизистондаги вазият Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийларини хавфсизлик нуқтаи назаридан ташвишга солмоқда. Чунки Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам вазият кўнгилдагидай эмас. Уларда ҳам жамият тараққий этмоқда, ички омиллар туфайли ривожланмоқда. Шунинг учун қирғиз воқеалари бевосита эмас, билвосита бу мамлакатларда қандайдир вазиятларни юзага келтириши мумкин”, - деди.
XS
SM
MD
LG