Линклар

logo-print

Қарға қарғанинг кўзини...

  • Озодлик

“Ўзметроном” сайти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг бир неча юқори мартабали расмийси устидан ўтказилган тергов жараëни ниҳоясига етгани ҳақида хабар тарқатди.

Аввалроқ ИИВнинг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Алишер Шарипов ва вазирликнинг “Постда” газетаси ва “Қалқон” журнали бош муҳаррири Азиз Эрназаров ишдан бўшатилгани ва ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилишда айблангани ҳақида маълумот тарқатилганди.

“Ўзметроном” А.Шариповнинг президентнинг собиқ матбуот котиби ва ИИВдаги юқори мартабали шахс билан дўстона алоқалари туфайли ўтган йил ўрталарида бошланган тергов сусткашлик билан олиб борилганини ёзган эди.

Маълум бўлишича, ИИВнинг А.Шариповдан ташқари яна олти ходими устидан жиноят иши қўзғатилган.

“Ўзметроном”нинг ёзишича, ИИВнинг босма нашрлари учун зарур қоғозни қиммат сотиб олиш орқали бюджет маблағларини талон-тарож қилишда айбланаётган А.Шарипов ўзига қўйилган барча айбларни рад этмоқда ва буни судда исботлашга тайёрлигини билдирган.

“Мазкур ҳолат бўйича етти киши устидан жиноят иши қўзғатилган. Улар орасида ҳибсда сақланаётганлари ҳам, мамлакатдан чиқиб кетмаслик шарти билан уйида юрганлари ҳам бор. А.Шарипов ҳам ҳозир озодликда... А.Эрназаров бу ишда гувоҳ сифатида қатнашмоқда”, - деб ëзади “Ўзметроном”.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан ИИВдан ҳам, Бош прокуратурадан ҳам маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг жиноят ишлари ҳақида маълумот олиш жуда мушкуллиги кўпчиликка сир эмас.

“Ўзметроном” сайти бош муҳаррири Сергей Ежков бунинг сабаби ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзларига тегишли бу каби ишларни ошкор этишни истамаслиги, бу Ўзбекистон учун одатий ҳоллигини таъкидлади.

Ўзбекистон Жиноят кодексида давлат идоралари ходимларига нисбатан жазонинг кучайтирилган кўриниши тадбиқ этилиши кўрсатилганига қарамай, кузатувчиларнинг айтишича, бундай ходимларнинг кўпчилиги жавобгарликка тортилмаслик ёки жазони шартли асосда ўташ йўлларини топади.

Шу сабаб ҳам С.Ежковнинг айни мавзу ҳақида ëзган мақоласи бежизга “Тергов жараëни ниҳоясига етди! Эсдан чиқарамизми?” деб номланган бўлса, ажабмас...
XS
SM
MD
LG