Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:53

ЕИ делегацияси яна Тошкентда


Тошкентда Европа Иттифоқининг Андижон воқеаларини ўрганиш гуруҳи ва Ўзбекистон расмийлари ўртасида иккинчи учрашув бўлиб ўтмоқда. Бу гуруҳ ўз ишини жорий ҳафтада тугатиши кутиляпти.

ЕИга раислик қилаётган Германия вакили Рольф Шульсе бошчилигидаги экспертлар гуруҳининг Андижон борасидаги хулосаси ЕИ Ўзбекистонга қарши жорий этган санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш қарорига кучли таъсир этиши айтиляпти.

Айни пайтда ЕИ расмийлари Андижон воқеаларини ўрганиш гуруҳининг иши Андижондаги қонли воқеалар юзасидан ҳаққоний тергов амалиёти эмаслигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон томони халқаро жамоатчиликнинг Андижон воқеалари борасида тергов ўтказиш чақириқларини рад этмоқда. Бироқ ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни яхшилашга уриниш сифатида томонлар Андижон воқеаларини мустақил ҳисоботлар ҳамда Ўзбекистон ҳукумати келтираётган далилларга асосланиб ўрганишга қарор қилган.

Европа кенгашининг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Андижон воқеаларини ўрганиш гуруҳи ва Ўзбекистон расмийлари ўртасидаги учрашув алоҳида аҳамият касб этишини билдирди.

“Ўзбекистон томони билан санкциялар эмас, Андижон воқеалари муҳокама этиляпти. Ҳозир мақсад Андижон воқеаларини ўрганиш гуруҳи ишини тугатишдир. Ноябрь ойи ўртасида қабул қилинган қарорга биноан ЕИ икки йўналишда фаолият олиб бормоқда. Биринчиси Андижон воқеаларини ўрганиш бўлса, иккинчи йўналиш инсон ҳуқуқлари борасида мулоқотни давом эттиришдан иборат. Андижон воқеаларни ўрганиш гуруҳининг биринчи учрашуви декабрь ойида бўлиб ўтди. Энди гуруҳ иккинчи бор Тошкентда учрашмоқда ва жорий ҳафтада ўз ишини якунлаши керак”, – деди Пьер Морел.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Андижон воқеаларини ўрганиш гуруҳи қандай хулосага келишини аввалдан айтиш мушкул, лекин ЕИ бу ишни имкони қадар тезроқ тугатиш ниятида.

ЕИ Ўзбекистоннинг айрим расмийларини тузилма ҳудудига киритмаслик чорасини ва Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси масаласини май ойида қайта кўриб чиқади. Бу санкциялар Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказишдан бўйин товлаганига жавобан киритилган эди. Айнан шунинг учун мустақил тергов бўлмаса ҳам Андижон воқеаларини ўрганиш гуруҳининг сўнгги хулосалари май ойида санкцияларни бекор қилиш ёки кучда қолдириш қарорига жиддий таъсир этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG