Линклар

logo-print

Эрон ва Буюк Британия дипломатлари Теҳрон томонидан ҳибсга олинган британиялик 15 ҳарбий тақдири борасида музокара бошлади.


Бу ҳақда Эрон олий миллий хавфсизлик кенгаши раиси Али Ларижоний маълум қилди. Сал аввал Али Ларижоний Буюк Британия телевидениесига берган интервьюсида “муаммо ҳал этилиши мумкин ва ҳеч қандай судга ҳожат йўқ”лигини айтган эди. Буюк Британия бош вазири Тони Блэр муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш учун “эшиклар очиқ қолаётгани”ни айта туриб, келаси 48 соатнинг можарони ҳал этишда белгиловчи бўлажагини таъкидлади. Бироқ Тони Блэрнинг таъкидича, Буюк Британия керак бўлса босим ўтказишдан ҳам тоймаслигини Эрон тушуниши даркор.
“Можаро бошлангандан бери олдимизда икки аниқ йўл турибди. Биринчиси, мазкур муаммони тинч йўл билан ҳал этиб, ҳарбийларимизнинг тезроқ озод этилишига эришиш. Иккинчиси, агар бунга эриша олмасак, биз ниҳоятда кескин ёндашув тутишга мажбур бўламиз”, - деди Тони Блэр.
АҚШ президенти Жорж Буш эса Вашингтон Ироқда ҳибсга олинган беш эронликни Теҳрон расмийлари қўлида қолаётган британиялик ҳарбийларга алмашиш ниятида эмаслигини маълум қилди. АҚШ қўшинлари январь ойида беш эронликни Ироқ шимолида ҳибсга олган, уларни Эрон инқилобий гвардиясига аъзоликда ва Ироқдаги жангариларга қурол-аслаҳа етказиб беришда айблаган эди.
XS
SM
MD
LG