Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:31

Ислом Каримов ўз ташаббуси амалга ошириши 14 йил кутди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ташаббуси билан чиққанидан 14 йил ўтиб, куни-кечагина бу ҳақдаги шартномани имзолади.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси бу ҳужжатни 25 январда, Сенат эса 30 март куни маъқуллаган эди. Ниҳоят бу қонун матбуотда эълон қилиниб, қонуний кучга кирди.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи яратиш шартномаси йиллар давомида муҳокама этиб келинди.

Ўзбекистоннинг бу шартномани ратификация қилиши эса Эрон ядровий дастурлари атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви билан бир вақтга тўғри келди.

Бугунги кунда Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақада ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш шартномасига қўшилган.

Марказий Осиёда чинакам ядро қуролидан холи ҳудудни барпо этиш ташаббусини БМТ ҳам қўллаб-қувватлади.

Ташаббус Ўзбекистон президенти И.Каримовга тегишли экани айтилади ва илк бор бу ташаббус президент томонидан 1993 йилда БМТ Бош ассамблеяси минбаридан туриб эълон қилинган.

Америкадаги Жаҳон хавфсизлиги институтининг “Вашингтон профайл” ахборот-таҳлил маркази раҳбари Александр Григорьев Ўзбекистоннинг бундай қадами мамлакатнинг халқаро нуфузини кўтариш мақсадини кўзлаганини айтади.

“Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини кўтариш нуқтаи назаридан бу тўғри қадамдир. Ўзбекистон уран захираларига ва назарий бўлса ҳам ядровий қурол яратиш имкониятига эга давлат ҳисобланади. Ядровий салоҳиятга эга давлатнинг бундай ташаббуси аҳамиятлидир. Айни пайтда Ўзбекистондан унча узоқ бўлмаган Эрон билан кузатилаётган ядровий қарама-қаршиликлар манзарасида ҳам бу ижобий қадамлиги шубҳасиз”, – дейди А.Григорьев.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш шартномасига қўшилган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ядро қуролига мутлақо эга бўлмаслик мажбуриятини олди. Шунингдек, шартнома минтақа ҳудудида радиоактив чиқиндихоналар ташкил этилишини ҳам маън этади. Аммо ядро қуролига эга давлатлар Марказий Осиёнинг “ядро қуролидан холи минтақа” мақомини тўлалигича эътироф этгани йўқ. Улар Марказий Осиё давлатларига қарши ядровий қуролнинг ҳеч қачон ишлатилмаслигини кафолатлаши керак.

“Айнан бу жараён яна узоқ муддатга чўзилиши мумкин, - дейди Швеция Мудофаа вазирлигининг қурол-яроғ назорати бўйича собиқ маслаҳатчиси Ян Правиц. - Мунозаралар ядровий қуролдан холи ҳудуд ичидаги давлатлар ўртасида эмас, ядро қуролига эга давлатлар ўртасида бормоқда. Расмий даражада кўтарилган масала шуки, ўзини ядро қуролидан холи ҳудуд, деб эълон қилган Марказий Осиё давлатлари Россиянинг ҳарбий-сиёсий блоки таркибига кирган. Назарий жиҳатдан муайян вазиятда Россия бу ерга ядро қуролларини олиб ўтиши мумкин”.

Нима бўлганда ҳам аксарият таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд шартномаси минтақани ва айниқса, Ўзбекистонни хавфсизроқ маконга айлантиради.

Зеро, ядровий қуролни қўлга киритиш ёки яратиш қанчалик қиммат ва узоқ муддатли жараён бўлса, оммавий қирғин қуролига интилишнинг ўзи Ироқ, Шимолий Корея ва Эрон мисолида бунданда хатарли бир жараёндир.
XS
SM
MD
LG